Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга – Блинкен
Олам
−
03 Ноябрь 2023
4448Исроил ҲАМАСнинг ҳужумидан сўнг нафақат ўз ҳудудини ҳимоя қилиш ҳуқуқига, балки мажбуриятига ҳам эга. Буни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроил Президенти Ицхаак Герцог билан учрашув олдидан билдирди.
“Биз Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга ва 7 октябрда содир бўлган воқеалар такрорланишига йўл қўймаслик учун барча зарур чораларни кўриши шарт, деган фикрдамиз”, деган Блинкен.
Шунингдек, Давлат котиби Қўшма Штатлар ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш учун барча имкониятларни ишга солиш ниятида эканини айтган.
“Биз ҳар дақиқада гаровга олинганлар ҳақида ўйлаймиз. Жуда кўп исроилликлар, америкаликлар, бошқа мамлакатлар фуқаролари гаровда. Биз уларни хавфсиз олиб келиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз”, дейди Блинкен.
Бундан олдин Блинкен Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан ёпиқ учрашув ўтказган. Улар ҳарбий вазирлар маҳкамаси аъзолари билан ҳам учрашишга келишиб олган.
“The Times of Israel”нинг ёзишича, Блинкен 4 ноябрь куни Иордания пойтахтига борганида иттифоқчи араб давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг учрашувини ташкил қилади. Бу учрашув АҚШ учун минтақавий шерикларни Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш бўйича стратегияларни қўллаб-қувватлашга жалб қилиш учун зарур.
LiveБарчаси