Блинкен Амманда араб етакчилари билан учрашди
Олам
−
05 Ноябрь 2023
8038Кеча, 4 ноябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Иордания пойтахти Амманда Яқин Шарқдаги муҳим давлатлар вакиллари билан учрашиб, Исроилнинг ҲАМАС билан урушини муҳокама қилди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
Блинкен Амманда Саудия Арабистони, БАА, Миср ва Қатар Ташқи ишлар вазирлари билан йиғилиш ўтказган.
“Урушдаги гуманитар пауза (сулҳ эмас) Ғазога келадиган ёрдам миқдорини максимал даражада оширади ва Қўшма Штатлар бу нарсага катта эътибор қаратмоқда", деган Блинкен йиғилишда.
Қатар томони эса Исроилнинг давом этаётган бомбардимонлари ҲАМАС гаровга олган кишиларни озод қилишдаги воситачилик ҳаракатларини қийинлаштираётганини айтган.
Миср ва Иордания расмийларига кўра, Ғазонинг урушдан кейинги истиқболларини, яъни “ҲАМАСсиз келажак”ни муҳокама қилишга ҳозирча эрта.
“Биз бор эътиборни ҳозирги инқирозга қаратишимиз керак”, деган Миср Ташқи ишлар вазири Самеҳ Шукри.
АҚШ Давлат котиби Ливан Бош вазири вазифасини бажарувчи Нажиб Микати билан ҳам кўришган. Блинкен унга "Ливан халқи ўзи истамайдиган урушга тортилишига қарши чиққани" учун миннатдорлик билдирган.
Маълумот учун, Блинкен 2-10 ноябрь кунлари Яқин Шарқ ва Осиё мамлакатлари бўйлаб сафар қилади. У Анқара, Токио, Сеул ва Нью-Деҳлига боришни режалаштирган. Ироқнинг “Baghdad” ахборот портали Блинкен бугун, 5 ноябрь куни расмий ташриф билан Бағдодга келиши ҳақида хабар берган.
Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни АҚШ Давлат котиби Яқин Шарқдаги вазият фонида учинчи марта Исроилга борган, Бош вазир Биньямин Нетаньяху, Президент Ицхаак Герцог ва бошқа расмийлар билан учрашганди. Блинкен Америка Қўшма Штатлари Исроилга Ғазо секторидаги фаластинлик тинч аҳоли ўртасидаги талофатларни минималлаштиришга қаратилган "аниқ қадамлар"ни таклиф қилганини билдирганди. Бироқ Нетаньяху Исроил шиддатли ҳужум уюштираётган Ғазо секторида ҲАМАС томонидан ушлаб турилган маҳбусларни озод қилмасдан, вақтинчалик гуманитар сулҳ тузиш таклифини рад этди.