Блинкен Россия ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни қоралади
Олам
−
22 Июнь
5930АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен КХДР ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик чуқурлашиб бораётганини қоралади. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэттью Миллер маълум қилди.
Блинкен бу қораловни Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Чо Таэ Ёл билан ташкил қилинган телефон суҳбатида маълум қилган. АҚШ Давлат котиби, шунингдек, Москва ва Пхеньянни БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини бузганликда айблади.
Энтони Блинкен Москва ва Пхеньян ўртасида қурол-яроғ етказиб бериш БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига зид равишда амалга оширилаётганини ҳам даъво қилди.
“Давлат котиби КХДР ва Россия ўртасидаги чуқурлашиб бораётган ҳарбий ҳамкорликни қоралади. У дунёда тинчлик, хавфсизлик ва фаровонликни таъминлашда Қўшма Штатлар ва Жанубий Корея ўртасидаги мустаҳкам иттифоқнинг муҳим аҳамиятини яна бир бор тасдиқлади”, дейди Миллер ўзининг ёзма баёнотида.
“Ниҳоят, томонлар КХДР туфайли юзага келаётган мураккаб хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш ва Жанубий Хитой денгизида тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар”, дея қўшимча қилди Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари.
19 июнь куни Россия ва КХДР мудофаа уруши бошланган тақдирда зудлик билан ҳарбий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи ҳар томонлама стратегик шерикчилик тўғрисидаги битим имзоланди. Россия Президенти Владимир Путин янги келишув Жанубий Корея учун хавфсизлик хавотирига сабаб бўлмаслигини таъкидлади. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мудофаа уруши бошланган тақдирда ҳарбий ёрдам тўғрисидаги банд бўйича фақат “потенциал тажовузкорлар”га қарши чиқиш мумкинлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сеул Россия ва КХДРнинг ҳар икки давлатга қарши тажовуз содир бўлган тақдирда бир-бирига ёрдам бериш ҳақидаги янги келишувига жавобан Украинага қурол юбориш имкониятини кўриб чиқмоқчи эканлигини айтганди. Владимир Путин эса бу баёнотга нисбатан Жанубий Кореяни Россияга қарши урушда Украинани қуроллантирса, “катта хатога йўл қўйиши” ҳақида огоҳлантирди.
LiveБарчаси