Путин Сеулни таҳдидона огоҳлантирди

Олам

image

Владимир Путин Жанубий Кореяни Россияга қарши урушда Украинани қуроллантирса, “катта хатога йўл қўйиши” ҳақида огоҳлантирди. У бу ҳақда 20 июнь куни Вьетнамга ташрифи чоғидаги матбуот анжуманида маълум қилди.

Путиннинг бу жиддий огоҳлантириши Сеул Россия ва КХДРнинг ҳар икки давлатга қарши тажовуз содир бўлган тақдирда бир-бирига ёрдам бериш ҳақидаги янги келишувига жавобан Украинага қурол юбориш имкониятини кўриб чиқмоқчи эканлигини айтганидан кейин янгради.

“Агар Сеул Киевга қурол етказиб беришга қарор қилса, Москва Жанубий Кореянинг амалдаги раҳбариятига ёқмайдиган қарорлар қабул қилади”, дейди Путин.

Россия давлат раҳбари Вьетнам пойтахти Ханой шаҳрига ташриф буюришидан олдин Шимолий Кореяда бўлган эди ва у Пхеньянда Ким Чен Ин билан имзолаган мудофаа битими айни пайтда дунё сиёсий кун тартибининг энг олди қаторларида муҳокама қилинмоқда. 

Путин шов-шувли ташриф фонида янграган айрим акс-садоларга қарши нисбатан тинчроқ бўлган Вьетнамда жавоб қайтарди ва жиддий баёнотлар билан чиқди. Хусусан, у АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинани қурол-яроғ билан таъминлашда давом этса, Москва Пхеньянни қуроллантиришга тайёрлиги ҳақида огоҳлантирди.

“Ушбу қуролларни етказиб берувчилар биз билан уришмаётганига ишонишади. Шундай экан биз ҳам Пхеньянга дунёнинг бошқа минтақаларидан қурол етказиб бериш ҳуқуқини сақлаб қолишимизни айтдим”, дейди Кремль етакчиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳамкорлик, мудофаа ва стратегик шерикчилик тўғрисидаги битим имзолангани сабабли, Сеул ўз позициясини ўзгартириши мумкинлиги ҳақида сигналлар берилганди. Ушбу мудофаа битими тузилгач, 20 июнь куни мамлакатнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Чанг Хо Жин Жанубий Корея Украинага қурол етказиб бериш масаласини қайта кўриб чиқишини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шимолий Корея Путин Сеул

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг