Блинкен кутилмаганда Ироққа борди

Олам

image

Кеча, 5 ноябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ироқ Бош вазири Муҳаммад ал-Суданий билан музокаралар ўтказиш учун Бағдодга қўнди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди. 

Блинкен АҚШнинг Ироқдаги элчиси қароргоҳида Америка объектларига таҳдидлар ҳақида маълумот олгач, Ироқ Вазирлар Маҳкамаси раҳбари билан учрашган.

Кейинроқ Давлат котиби Ироқ раҳбарияти билан очиқ мулоқот ўтказгани ва Қўшма Штатлар Ғазодаги можаро унинг чегараларидан ташқарига тарқалмаслиги учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошираётганини айтган.

"Биз учун Ғазодаги можародан фойдаланиб, Ироқдаги ёки минтақанинг бошқа мамлакатларидаги ходимларимизга таҳдид солмоқчи бўлганларга аниқ сигнал бериш жуда муҳим: бундай қилманг!” деган Блинкен.

Блинкен Ироқда жойлашган Америка қўшинларига эронпараст кучлар томонидан зарбалар кучайиб бораётган бир пайтда, иккинчи бундай ҳужум ва таҳдидларни бутунлай қабул қилиб бўлмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Теҳрон билан зиддиятга интилмаяпти.

Блинкеннинг айтишича, америкалик ходимларга ҳужумлар Ироқ суверенитети масаласини кўтаради ва бу каби ҳужумлар мамлакат манфаатларига зиддир.

Хабарларга кўра, Ал-Суданий Ироқдаги халқаро коалиция маслаҳатчилари жойлашган учта ҳарбий базага, жумладан Ироқ ғарбидаги Айн ал-Ассадга, Бағдод халқаро аэропорти яқинидаги ҳарбий базага ва Ҳарирга ракета ҳужумлари уюштирганларни таъқиб қилишга ваъда берган.

Ғазо масаласига тўхталар экан Блинкен минтақа келажаги ҳал қилинаётганда фаластинликларнинг истак ва интилишлари устувор бўлиши кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, у бугунги кунда Ғазога етиб келаётган инсонпарварлик ёрдами миқдори “мутлақо етарли эмас”лигини қўшимча қилган.

Маълумот учун, АҚШ Давлат котибининг Яқин Шарқ ва Осиёга турнеси бошланганида унинг Боғдодга бориши айтилмаганди. “The Wall Street Journal”нинг ёзишича, Бағдодга ташриф деярли сўнгги дақиқада дастурга қўшилган. Нашр Ироқда эълон қилинмаган тўхташни Қўшма Штатлар Ғазо сектори атрофидаги уруш оқибатларидан қўрқаётгани билан изоҳлайди. 

Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни АҚШ Давлат котиби Яқин Шарқдаги вазият фонида учинчи марта Исроилга борган, Бош вазир Биньямин Нетаньяху, Президент Ицхаак Герцог ва бошқа расмийлар билан учрашганди. Блинкен Америка Қўшма Штатлари Исроилга Ғазо секторидаги фаластинлик тинч аҳоли ўртасидаги талофатларни минималлаштиришга қаратилган "аниқ қадамлар"ни таклиф қилганини билдирганди. Бироқ Нетаньяху Исроил шиддатли ҳужум уюштираётган Ғазо секторида ҲАМАС томонидан ушлаб турилган маҳбусларни озод қилмасдан, вақтинчалик гуманитар сулҳ тузиш таклифини рад этди. Кеча, 4 ноябрь куни Энтони Блинкен Иордания пойтахти Амманда Саудия Арабистони, БАА, Миср ва Қатар Ташқи ишлар вазирлари билан учрашиб, Исроилнинг ҲАМАС билан урушини муҳокама қилди. Бундан ташқари у Ливан Бош вазири вазифасини бажарувчи Нажиб Микати билан ҳам учрашув ўтказди. Кеча, 5 ноябрь куни Блинкен Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан учрашиш учун Рамаллоҳга ҳам борди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ироқ Энтони Блинкен Муҳаммад ал-Суданий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made