Блинкен Фаластин Президенти билан учрашди
Олам
−
05 Ноябрь 2023
12169Бугун, 5 ноябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан учрашиш учун Рамаллоҳга борди. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
Айтилишича, Энтони Блинкен ва Маҳмуд Аббос Ғарбий Соҳилдаги зўравонликларни тўхтатиш зарурати борасида фикр алмашган.
“Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида осойишталик ва барқарорликни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни, жумладан, фаластинликларга қарши экстремистик зўравонликларни тўхтатиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш зарурлиги муҳокама қилинди”, дейилади Давлат департаменти баёнотида.
Шунингдек, Блинкен Аббосга Ғазо секторидаги фаластинликлар мажбурий кўчирилишига йўл қўймаслик кераклигини айтган ҳамда анклавга гуманитар ёрдам етказиш ва у ерда ҳаётни қўллаб-қувватлаш тизимларини тиклаш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлаган.
Аббос эса Блинкенга зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини олиб киришга рухсат бериш зарурлигини айтган.
Блинкен Фаластин Президенти билан ҳеч қандай баёнотларсиз якунланган учрашувидан сўнг Рамаллоҳни тарк этган.
Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни АҚШ Давлат котиби Яқин Шарқдаги вазият фонида учинчи марта Исроилга борган, Бош вазир Биньямин Нетаньяху, Президент Ицхаак Герцог ва бошқа расмийлар билан учрашганди. Блинкен Америка Қўшма Штатлари Исроилга Ғазо секторидаги фаластинлик тинч аҳоли ўртасидаги талофатларни минималлаштиришга қаратилган "аниқ қадамлар"ни таклиф қилганини билдирганди. Бироқ Нетаньяху Исроил шиддатли ҳужум уюштираётган Ғазо секторида ҲАМАС томонидан ушлаб турилган маҳбусларни озод қилмасдан, вақтинчалик гуманитар сулҳ тузиш таклифини рад этди. Кеча, 4 ноябрь куни Энтони Блинкен Иордания пойтахти Амманда Саудия Арабистони, БАА, Миср ва Қатар Ташқи ишлар вазирлари билан учрашиб, Исроилнинг ҲАМАС билан урушини муҳокама қилди. Бундан ташқари у Ливан Бош вазири вазифасини бажарувчи Нажиб Микати билан ҳам учрашув ўтказди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь