Блинкеннинг Фаластин Президенти билан учрашуви тортишувларга бой бўлди – ОАВ 

Олам

image

Бугун, 10 январь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ғарбий Соҳилдаги Рамаллоҳ шаҳрида Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан учрашди. Бу ҳақда “Al-Ekhbariya” телеканали хабар берди.

Айтилишича, музокаралар Ғазо секторидаги уруш ва Ғарбий Соҳилдаги вазиятнинг кескинлашувига қаратилган.

“Sky News Arabia”нинг манбаларига кўра, Блинкен ва Аббос ўртасидаги учрашув жуда кескин ўтган.

“Хусусий манбаларимиз Блинкеннинг босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Рамаллоҳда Аббос билан учрашуви таранг, тортишувлар ва жанжалларга бой бўлганини тасдиқлади”, дейилади телеканал хабарида.

Қайд этилишича, Аббос Блинкендан музлатилган Фаластин маблағларини қайтариш учун Исроилга босим ўтказишни сўраган. Ўз навбатида, Блинкен Фаластин миллий маъмуриятида ислоҳотлар ўтказиш талабини такрорлаган.

“Маҳмуд Аббос Исроил томонидан “Фаластин халқини Ғазо сектори ёки Ғарбий Соҳилдан, жумладан Қуддусдан сиқиб чиқаришга” қаратилган чора-тадбирларнинг жиддийлиги ҳақида огоҳлантирди”, дея хабар беради телеканал.

Маълумот учун, Блинкен Ғазода уруш бошлангандан бери минтақага қилган тўртинчи сафари давомида Туркия, Греция, Иордания, Қатар, БАА, Саудия Арабистони ва Исроилда бўлганди. Унинг Яқин Шарққа сафари эса Мисрга ташриф билан якунланади.

Эслатиб ўтамиз, Блинкен Тель-Авивда ўтказган матбуот анжуманида Исроил ҳукумати Фаластин бюджети учун мўлжалланган солиқ тушумларини ушлаб қолишни тўхтатиши кераклигини айтганди. Шунингдек, Давлат котиби Бош вазир Биньямин Нетаньяху Исроилнинг Ғазодан фаластинликларни мажбуран олиб чиқиш нияти йўқлигига ишонтирганини таъкидлаганди. Бироқ Исроил Молия вазири Бецалель Смотрич Фаластин маъмурияти ҳисобига бир чақа ҳам ўтказилмаслиги ва Ғазо секторидан "ихтиёрий миграция"ни рағбатлантиришини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг