Блинкен Нетаньяху билан ёпиқ эшиклар ортида музокара ўтказди
Олам
−
09 Январь
4674Бугун, 9 январь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Тель-Авивдаги Мудофаа вазирлиги мажмуасида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан яккама-якка музокара ўтказди. Бу ҳақда Бош вазир девони маълум қилди.
"Бош вазир Биньямин Нетаньяху Тель-Авивдаги Кирия мажмуасида (Мудофаа вазирлиги биноси) АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан ёпиқ эшиклар ортида учрашув ўтказмоқда. Кейинроқ тор ҳарбий-сиёсий Вазирлар Маҳкамаси аъзолари иштирокида кенгайтирилган учрашув бўлиб ўтади”, дейилади баёнотда.
Қайд этиш жоизки, Блинкен Исроилга сафари аввалида Ташқи ишлар вазири Исраэль Кац ва Президент Ицхак Герцог билан гаплашганди. Блинкен Исроил ТИВ раҳбари билан учрашувда Ғазодаги урушдан кейин яҳудий давлати Яқин Шарқ минтақаси мамлакатлари билан муносабатларини яхшилаши мумкинлигини айтди. Исроил Президенти эса Блинкенга Жанубий Африканинг Исроилни “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенция"ни бузганликда айблаб, Гаагадаги Халқаро Судга берган даъвосини "даҳшатли ва кулгили" деб билишини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Блинкен Ғазода уруш бошлангандан бери минтақага қилган тўртинчи сафари давомида Туркия, Греция, Иордания, Қатар, БАА ва Саудия Арабистонида бўлганди. Бундан ташқари, Блинкен Ғарбий Соҳилга ҳам бориши режалаштирилган. Унинг Яқин Шарққа сафари эса Мисрга ташриф билан якунланади.
LiveБарчаси