Блинкен ва Эрдўған Ғазодаги қирғин ҳақида гаплашиб олди
Олам
−
07 Январь
6774АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашиб, Яқин Шарқ ва Украинадаги можароларни муҳокама қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэттью Миллер маълум қилди.
"Котиб можаро тарқалишининг олдини олиш, гаровга олинганларни озод қилиш, гуманитар ёрдамни кенгайтириш ва қурбонларни камайтириш, шунингдек, Исроил хавфсизлигини таъминлайдиган ва Фаластин давлати барпо этилишига ёрдам берадиган кенгроқ, узоқ муддатли минтақавий тинчликка эришиш зарурлигини билдирди”, деган Миллер ўз баёнотида.
Шунингдек, Блинкен ва Эрдўған Европа хавфсизлиги масалаларини ҳам муҳокама қилган. Украинадан ташқари, улар Швециянинг НАТОга қўшилишини якунлаш, АҚШ ва Туркия ўртасидаги савдо ва сармояни кучайтиришни келишиб олган ва Блинкен ташрифни якунлаб, Грецияга учиб кетган.
Аввалроқ Блинкен Истанбулда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан ҳам учрашиб, Туркия парламентида кўриб чиқилаётган Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш аризаси, АҚШнинг Анқарага F-16 қирувчи самолётларини сотиши, турк-юнон муносабатларини нормаллаштириш, шунингдек, Эрдўғаннинг АҚШга эҳтимолий ташрифи мавзуларини муҳокама қилган эди.
Маълумот учун, Блинкен Исроил, Туркия ва бир қанча араб давлатларига ташриф буюришни режалаштирган ҳолда 4 январь куни Яқин Шарқ сафарига йўл олди. Билдирилишича, Блинкен Ғарбий Соҳил, Исроил, Иордания, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони расмийлари билан Яқин Шарқ можаросини ҳал қилишни муҳокама қилмоқчи.
LiveБарчаси