Жиззахда 10 яшар боланинг зўрланиши бўйича қўшимча маълумот берилди

Crime

−

image

Аввалроқ, Жиззах шаҳрида эркак 10 яшар болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этгани ва жинояти ошкор бўлгач, ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани муносабат билдирди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2016 йилда туғилган вояга етмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани аниқланган. Мазкур ҳолат ҳақида жабрланувчининг яқин қариндоши томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, гумон қилинувчи А.Р. процессуал ҳаракатлардан сўнг ўз жонига қасд қилган.

Айни вақтда ҳолатнинг барча тафсилотлари, жумладан, вояга етмаган болага нисбатан содир этилган ҳаракатларнинг даври, хусусияти ва бошқа ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилмоқда.

Жорий йилнинг 5 октябрь куни вояга етмаган Б.Д. га Жиззах шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан кейс очилиб, бола бирламчи баҳолашдан ўтказилган ва унга психологик хизмат кўрсатиш ташкил этилган.

Ҳозирги вақтда вояга етмаган бола хавфсиз жойда бўлиб, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш ҳамда руҳий ҳолатини барқарорлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, ҳолат юзасидан тайинланган экспертиза натижалари кутилмоқда. Экспертиза хулосаси олинганидан сўнг, унинг натижаларидан келиб чиқиб, қўшимча чоралар белгиланади.

Намангандаги боғчада фожиа

Аввалроқ, Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.

Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган. 

Педофилларга умрбод қамоқ

Намангандаги фожиа ортидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ва Болалар омбудсмани болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш таклифини илгари сурди. Кейинроқ Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ва иккинчи ўқишда маъқуллади. Кейинроқ қонун Олий Мажлис Сенати томонидан ҳам кўриб чиқилди ва маъқулланди. Унга кўра, Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланмаоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends