Педофиллар энди умрбод қамалади: Сенат кутилган қонунни маъқуллади

Local

−

image

Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Бу ҳақда бугун, 2 октябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати томонидан кўриб чиқилган ва маъқулланган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз бордаи.

Сенатор Абдулхаким Эшмуродовнинг маълум қилишича, Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) бўйича 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та, 2025 йилда эса 123 та жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) бўйича 2022 йилда 144 та, 2023 йилда 163 та, 2024 йилда 170 та ва 2025 йилда 116 та жиноят иши очилган. Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик бўйича мурожаатлар сони 2023 йилдаги 56 тадан 2025 йилда 141 тага етган.

Қонун билан 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ҳамда унга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондирганлик учун узоқ муддатли 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда. Шунингдек, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши содир этилган ўта оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддатларининг ўтиб кетганлиги қўлланилмайди. Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш бутунлай тақиқланмоқда.

Жинсий зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга процессуал ҳаракатларга жалб этилган илк дақиқалардан эътиборан давлат ҳисобидан бепул малакали юридик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилмоқда. Зўравонликдан жабр кўрган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, жинсий эркинликка қарши жиноят қурбони бўлган бола ва гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасидаги юзлаштиришни махсус тартиб бўйича ўтказиш, жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштиришни фақат терговчи, прокурор қарори ёки суд ажрими асосида ўтказиш белгиланмоқда. Агар зўравонлик оила аъзолари ёки яқин қариндошлар томонидан содир этилган бўлса, процессуал жараёнларда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштироки мажбурий қилиб қўйилмоқда.

Меҳнат кодексига киритилаётган қўшимчага кўра, таълим ва тарбия муассасаларида болани тарбиялаш ва унга таълим бериш борасидаги мажбуриятлар ўз зиммасига юклатилган таълим ташкилоти ходимининг болага нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилганлиги муносабати билан унинг меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга асос бўлади. Бундай шахсларнинг келгусида болалар билан ишлашига чеклов қўйилади.

Шу билан бирга, ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик кўрсатмаслиги, уларнинг асосий эҳтиёжларини қасддан қаноатлантирмаслиги, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиши, шунингдек, болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва болалар қайта зўравонликка учрашдан қўрқиб мурожаат қилишга иккиланмаслиги учун, уларнинг сўровига асосан яшаш манзилига ёзма ёки электрон жавоб хати юбормаслик тартиби жорий этилмоқда.

“Бу оилавий низоларнинг янада авж олиши ва қайта зўравонлик содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади”, дейди сенатор.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун Президентга юборилди.

Намангандаги боғчада фожиа

Аввалроқ, Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.

Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ва Болалар омбудсмани болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш таклифини илгари сурди. Кейинроқ Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ва иккинчи ўқишда маъқуллади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends