Педофилларга умрбод қамоқ: депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди
Жамият
−
17:47 428 5 дақиқа
Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш белгиланмоқда. Бу ҳақда бугун, 30 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
“Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан киритилган ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, ўн тўрт ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш белгиланмоқда. Шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилишга оид айрим қоидаларни қўллаш чекланмоқда. Боланинг жинсий эркинлигига қарши айрим жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва жазони ижро этиш муддатларини қўлламаслик ҳам назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, вояга етмаганларга нисбатан қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш, шунингдек, бир гуруҳ шахслар томонидан ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этилишини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгилаш таклиф этилмоқда. Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик, болаларни тарбиялаш мажбуриятини бажармаслик ва бошқа айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари ҳам кучайтирилмоқда.
Қонун лойиҳасида болаларнинг процессуал ҳуқуқларини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, уларнинг гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи билан юзлаштирилишини махсус тартиб асосида ўтказиш, шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокини таъминлашга оид нормалар белгиланмоқда. Зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизмлари ҳам акс эттирилмоқда.
Шу билан бирга, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш, Болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини ижро этмаслик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик белгиланмоқда. Таълим ташкилоти ходими томонидан таълим-тарбия жараёнида болага нисбатан зўравонлик содир этилиши меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш учун асос бўлишига оид қоидалар ҳам назарда тутилган.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида соҳа мутахассислари, депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида унинг нормалари атрофлича муҳокама қилинган. Кенг жамоатчилик муҳокамаси давомида келиб тушган таклифлар экспертлар томонидан ўрганилиб, асослантирилганлари қонун лойиҳасини такомиллаштиришда инобатга олинган.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган нормалар билан жинсий зўравонликка учраган вояга етмаганларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиблари аниқлаштирилган. Вояга етмаган гувоҳларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш мажбурийлиги белгиланиб, васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокига оид қоидалар такомиллаштирилган.
Бундан ташқари, болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборотдан ҳимоя қилиш, болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини ижро этмаслик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид нормалар аниқлаштирилган. «Таълим тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартиришлар ҳам амалиётда юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларни инобатга олган ҳолда такомиллаштирилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар болаларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, бундай жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда масъул ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш муҳимлигини таъкидлаган.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 282-моддасига вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатларини прокурорнинг ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақидаги қарори олинганидан сўнг судга юборишни назарда тутувчи қўшимчалар ва ўзгартириш киритилмоқда.
Мунозаралар давомида ҳужжат иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани, депутатлар таклифлари асосида лойиҳа матни янада такомиллаштирилиб, маромига етказилгани алоҳида қайд этилган.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 сентябрь куни ушбу қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган эди.
Намангандаги боғчада фожиа
Аввалроқ, Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган. Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилган эди.
Live
БарчасиТўқаев Путинни атоқли давлат арбоби деб атади
29 Сентябрь
Тошкентдаги овқатланиш шохобчасида ёнғин чиқди
29 Сентябрь