Жиззах воқеаларини эслаган Мирзиёев, чегарадаги отишма, “учган” прокурор... Бугун нималар бўлди?
Жамият
−
02 Декабрь 2021
14599Жамият
Ўзбекистонда гўшт импорти кўпайди
Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон хориждан 23,9 минг тонна гўшт импорт қилган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумот берди.
Қўмитанинг хабарига кўра, гўшт импорти ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 7,3 минг тоннага ошган.
2021 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон энг кўп гўшт импорт қилган давлатлар:
Беларусь – 16,2 минг тонна, Қозоғистон – 3,5 минг тонна, Украина – 2,3 минг тонна, Россия – 606 тонна, Молдова – 600 тонна.
Сурхондарёда чегарани бузиб ўтишга уринган Франция фуқароси ушланди
Сурхондарёда гиёҳвандлик ва психотроп дори воситаларини контрабанда йўли билан Ўзбекистондан Афғонистонга олиб ўтишга уринган Франция фуқароси ушланди. Бу ҳақда Сурхондарё ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 26 ноябрь куни соат 19:00ларда Сурхондарё вилояти ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисм чегара наряди томонидан Франция Республикаси фуқароси T.M. Ўзбекистондан Афғонистонга чиқиб кетиш мақсадида, Термиз тумани ҳудудидаги темир йўл орқали пиёда тарзда ноқонуний равишда давлат чегарасидан ўтишга уринган вақтда тўхтатилган. Сўнг чегара қўшинлари томонидан Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимларига ҳолат юзасидан божхона назоратини амалга ошириш учун хабар берилган.
Болаларни мактабга қабул қилишда коррупцияга нима сабаб бўлаётгани аниқланди
Ўзбекистонда болаларни мактабга қабул қилиш босқичида асосий коррупциявий хавф-хатар микроҳудудларнинг квота тизими, мактаб биносининг етишмаслиги бўлиб турибди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ота-оналар ва ўқитувчилар ўртасида ўтказилган тадқиқот натижасига кўра маълум қилди.
Сўровнома шаклида ўтказилган тадқиқот Ўзбекистондаги 114 та мактабдаги бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналари, бошланғич синф ўқитувчилари ва мактаб директорларини қамраб олган. Хусусан, апрель ойида Тошкент шаҳридаги иккита мактабда уч тоифа респондентлар ўртасида сўровлар ташкил этилган. Май – июнь ойларида эса 14 та вилоятдаги 114 та мактабда кенгайтирилган сўровлар ўтказилган. Шундан 28 таси шаҳар, 31 таси туман маркази, 31 таси қишлоқ аҳоли пунктидан иборат.
Коррупционерлар учун жазо кескин кучайтирилмоқда
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновнинг маълум қилишича, Жиноят кодекси лойиҳасида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда ва 15 турдаги жиноятлар бу тоифага киритилмоқда.
“Муҳим ўзгариш сифатида коррупцияга оид жиноятлар учун жазо чоралари кескин кучайтирилмоқда”, дейди Бурҳонов.
Блок-постлар қайтяптими? Туманлараро постларнинг вазифаси нима?
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепциясига кўра туманларда блок-постлар ўрнатилиши ҳақида маълумотлар тарқалмоқда.
Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов мазкур хабарларга муносабат билдириб, уларни ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.
Ғиёсовга кўра, “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси вазирлар кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 мартга қадар тасдиқланган меъёрларга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан камида биттадан туманлараро патруль-пост бўлинмалари ташкил этилиши белгиланган.
Президент Жиззахда қулаган уй воқеасини ёдга олди
Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш, ипотека кредитлашни кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда Президент ўтган йили Жиззахда қурилиши якунланмаган уйнинг қулагани билан боғлиқ воқеани эсга олиб, қурилиш соҳасида назоратни кучайтириш ва таниш-билишчиликка барҳам бериш кераклигини таъкидлади.
Маълумки, “Баракали қоракўл чорвадор” фермер хўжалиги томонидан Жиззах шаҳрининг “Зилол” маҳалласи Мустақиллик кўчасида кўп қаватли бино қурилиш ишлари амалга оширилган. Жорий йилнинг 10 январь куни ушбу бино қурилиши охирига етмай туриб қулаган. Ҳодиса Президент Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи олдидан содир бўлганди.
Андижон вилояти прокурори “учди”
Бош прокурорнинг жорий йилнинг 25 ноябрь кунги буйруғига асосан, Андижон вилояти прокурори Ғайратжон Фозилович Собиров фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликлари сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Бу маълумотни Бош прокуратура Матбуот котиби тасдиқлади.
Шу куннинг ўзида Бош прокуратура бошқарма бошлиғи лавозимида хизмат қилаётган Эшмурод Қаршиевич Жўраев Андижон вилояти прокурорининг вақтинча вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди.
Олам
Қирғиз-тожик чегарасида ўқ узилди
Қирғизистон чегарачилари кеча, 1 декабрь куни кечқурун номаълум шахслар Тожикистон ҳудудидан чегаранинг баҳсли участкасида бир неча марта ўқ узгани, ҳозирда вазият тинч эканини маълум қилди. Бу ҳақда AKIpress ахборот агентлиги Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара қўриқлаш хизмати (ЧҚХ) матбуот бўлимига асосланиб, хабар берди.
Чегара қўриқлаш хизмати матбуот хизматининг хабар беришича, 1 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 21:00 атрофида Қирғизистоннинг Боткен вилоятининг Дахма туманида, шартли чегара чизиғи яқинида номаълум шахслар Тожикистон томондан 7-8 ўқ узган. Тахминларга кўра, ўқ ов милтиғидан отилган.
“Толибон” Ўзбекистонни афғон учувчилари олиб ўтган самолёт ва вертолётларни қайтаришга чақирди
Афғонистоннинг “Толибон” томонидан тузилган вақтинчалик ҳукумати раҳбари ўринбосари мулла Абдул Ғани Бародар Ўзбекистонни республика ағдарилган мамлакатдан қочган афғон учувчилари олиб ўтган самолёт ва вертолётларни қайтаришга чақирди. Бу ҳақда “Афганистан” нашри хабар бермоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг 30 ноябрь куни Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев бош делегация Қобулда “Толибон” раҳбарлари билан музокара ўтказди.
Ўзбекистон ТИВ хабарига кўра, учрашувда “мамлакатдаги мавжуд вазият, Афғонистон халқига гуманитар ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди”.
“Омикрон” ўзбекистонликлар кўп борадиган мамлакатга ҳам кириб борди
Бирлашган Араб Амирликларида коронавируснинг “омикрон” штамми билан касалланишнинг биринчи ҳолати аниқланди. Бу ҳақда WAM агентлиги мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар берган.
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги “омикрон” штамми билан биринчи инфекция Африка давлатидан араб давлатларидан бири орқали келган африкалик аёлда қайд этилганини маълум қилди”, дейилган агентлик хабарида.
Россия Украинага бостириб кирса, АҚШ қандай чора кўриши айтилди
Агар Россия Украинага бостириб кирса, Вашингтон Москвага қарши кенг миқёсли иқтисодий санкциялар жорий этишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ригадаги НАТО мамлакатлари Ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши якунлари бўйича маълум қилган.
Қўшма Штатлар Россиянинг Украинага қарши тажовузкор ҳаракатларни режалаштираётгани ҳақида далилларга эга эканлигини даъво қилмоқда.
“Президент Владимир Путин босқинчилик тўғрисида қарор қабул қилганми ёки йўқми, биз буни билмаймиз. Аммо биламизки, энди қарор қабул қилинса, бундай ҳаракатлар имкони борича тезроқ ишлаб чиқилади. Шунинг учун ният ва вақт ноаниқлигига қарамай, биз Россияни қарорини ўзгартиришга ҳаракат қилиш билан бирга ҳар қандай шароитга тайёр бўлишимиз керак”, деган Энтони Блинкен.
Спорт
Муродовнинг UFC’даги рақиби ва жанг санаси маълум бўлди
Ўзбекистонлик UFC ярим ўрта вазн тоифаси жангчиси Маҳмуд Муродовнинг (25-6) навбатдаги рақиби ва жанг санаси маълум бўлди. Бу ҳақда спортчининг ўзи Instagram саҳифасида хабар берди.
Муродов 2022 йилнинг 26 февраль куни UFC Fight night 203 турнири доирасида Латвия вакили Михаил Циркуновга қарши октагонга кўтарилади.
Циркунов ММА’даги фаолияти давомида 22 та баҳсда иштирок этиб, 15 та ғалаба ва 7 та мағлубият қайд этган. Шунингдек, сўнгги иккита жангида (Кшиштоф Йотко ва Раян Спанн) имкониятни бой берган.
Варан иккита муҳим учрашувни ўтказиб юборади
“Манчестер Юнайтед” ҳимоячиси Рафаэль Варан Англия премьер лигаси доирасида “Арсенал” ва “Кристал Пэлас”га қарши ўйинларда жамоасига ёрдам бера олмайди. Бу ҳақда манкунианликлар матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, франциялик футболчи UEFA Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидан ўрин олган “Аталанта”га қарши ўйинда (2:2) олган жароҳатидан аллақачон тузалган. Бироқ, “Қизил иблислар” мураббийлар штаби футболчининг жароҳати қайталаниши мумкинлигидан хавотирда.
UFC президенти коронавирусга чалинди
UFC президенти Дана Уайт коронавирус билан касалланганини маълум қилди. Айни дамда UFC раҳбари Лас Вегасдаги уйида изоляция қилинган. Бу ҳақда ТАCC хабар бермоқда.
Дана Уайтнинг айтишича, нафақат унда балки яқин қариндошларида ҳам COVID-19 аниқланган. Маълум бўлишича, улар вирусни Шукрона куни юқтирган.
UFC президенти буғ хонасида эвкалиптни ҳидлаб кўрган, аммо унинг ҳидини сезмаган. Шундан сўнг, коронавирусга топширган тести ижобий чиққан. 52 ёшли Уайт вирусга қарши тўлиқ эмланган.
LiveБарчаси