Болаларни мактабга қабул қилишда коррупцияга нима сабаб бўлаётгани аниқланди
Жамият
−
02 Декабрь 2021
5252Ўзбекистонда болаларни мактабга қабул қилиш босқичида асосий коррупциявий хавф-хатар микроҳудудларнинг квота тизими, мактаб биносининг етишмаслиги бўлиб турибди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ота-оналар ва ўқитувчилар ўртасида ўтказилган тадқиқот натижасига кўра маълум қилди.
Сўровнома шаклида ўтказилган тадқиқот Ўзбекистондаги 114 та мактабдаги бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналари, бошланғич синф ўқитувчилари ва мактаб директорларини қамраб олган. Хусусан, апрель ойида Тошкент шаҳридаги иккита мактабда уч тоифа респондентлар ўртасида сўровлар ташкил этилган. Май – июнь ойларида эса 14 та вилоятдаги 114 та мактабда кенгайтирилган сўровлар ўтказилган. Шундан 28 таси шаҳар, 31 таси туман маркази, 31 таси қишлоқ аҳоли пунктидан иборат.
Сўровномада жами 4 920 нафар респондент, шу жумладан, 114 нафар мактаб директори, 1 563 нафар бошланғич синф ўқитувчиси, 3 243 нафар ота-она иштирок этган. Тўпланган барча маълумотлар тизимлаштирилган ва таҳлил қилинган. Натижада уч тоифа респондентлар – бошланғич синф ўқитувчилари, бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналари ва директорлар, умуман, мактабга қабул жараёнида бевосита қатнашувчилар орасида касбий этикага зид, шунингдек, коррупциявий хатти-ҳаракат омиллари ва қатор фактлар аниқланган.
Таъкидланишича, сўровнома иштирокчиларининг жавоблари асосида коррупциявий хавфлар ёки ноҳалоллик омиллари бўлган умумий тенденциялар аниқлаб олинган. Бу тенденциялар бошланғич мактабга қабул жараёни ва таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши қайд этилган. Улар асосан, микроҳудудларнинг квота тизими, мактаб биносининг етишмаслиги (синфларда ўқувчилар сони меъёридан ошиб кетиши), 1-синфга қабул қилишда таълим тили бўйича аниқ талаблар йўқлиги, таълим сифати пастлиги каби муаммолар билан боғлиқлиги аниқланган.
Маълум қилинишича, сўровда қатнашган ҳар бешинчи ота-она мактабда жой қолмагани учун ўзи яшайдиган микроҳудуд квотаси бўйича фарзандини жойлаштира олмаган. Ўқитувчилар томонидан синфларда ўқувчилар сонининг меъёридан ошиб кетиши ҳолати бўйича энг кўп эътироз Наманган вилоятидан (52 фоиз), Андижон вилоятидан (37,5 фоиз), Тошкент вилоятидан (29 фоиз), Хоразм вилоятидан (26 фоиз) билдирилган.
Шу билан бирга муаммоларнинг аксарияти бюджет маблағларининг етарли эмаслигига бориб тақалмоқда. Бу, ўз навбатида, ота-оналарнинг норасмий тўловларни амалга оширишига, ўқитувчилар ва директорларнинг этикага зид ҳаракат қилишларига сабаб бўлмоқда. Яна бир тенденция мактаб таъминоти, унинг инфратузилмаси, мактаб ходимларининг ойлик маоши камлиги, малакали кадрлар етишмаслиги, болалар мактабга қабул қилинаётганда психологик жиҳатдан тайёр эмаслиги, шунингдек, ота-оналар, юқори турувчи ташкилотлар томонидан ўқитувчи ёки директорга таъсир ва босим ўтказиш масалаларини қамраб олган.
Қайд этилишича, тадқиқот натижасида ишлаб чиқилган тавсиялар ҳамда тадқиқот методологияси Халқ таълими вазирлиги ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади.
LiveБарчаси