Блок-постлар қайтяптими? Туманлараро постларнинг вазифаси нима?
Жамият
−
02 Декабрь 2021
18680Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги концепциясига кўра туманларда блок-постлар ўрнатилиши ҳақида маълумотлар тарқалмоқда.
Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов мазкур хабарларга муносабат билдириб, уларни ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.
Ғиёсовга кўра, “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси вазирлар кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 мартга қадар тасдиқланган меъёрларга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан камида биттадан туманлараро патруль-пост бўлинмалари ташкил этилиши белгиланган.
“Ижтимоий тармоқ фаолларидан ахборотни бузиб талқин этмасликларини ва расмий маълумот олиш учун ички ишлар органлари ахборот хизматларига мурожаат этишларини сўраймиз”, дейди ИИВ вакили.
Шоҳруҳ Ғиёсовнинг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, бу хабарларни тарқатганлар фармон матнини бузиб талқин қиляпти. Унинг сўзларига кўра, туманлараро патруль-пост бўлинмалари бир жойда туриб назорат олиб бормайди.
“Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча патруллаштириш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан бўлинмалар жалб қилинади. Улар транспортда ёки отда ҳаракатланиб, "патрулировать" қилишади ва жамоат хавфсизлигини таъминлайди. Вилоятларнинг ораси узоқ. Шунинг учун улар бир ҳудудга бириктирмасдан фаолиятини туманлараро амалга оширади", дейди Ғиёсов.
ИИВ вакили бундай бўлинмаларга эҳтиёж борлиги илмий тадқиқот орқали аниқланганини урғулади.
Аввалроқ Президент фармони билан тасдиқланган Жамоат хавфсизлиги концепциясида Йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам қасддан бузувчиларга нисбатан жиноий жавобгарлик кучайтириш белгилангани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси