Қирғиз-тожик чегарасида ўқ узилди
Олам
−
02 Декабрь 2021
10992Қирғизистон чегарачилари кеча, 1 декабрь куни кечқурун номаълум шахслар Тожикистон ҳудудидан чегаранинг баҳсли участкасида бир неча марта ўқ узгани, ҳозирда вазият тинч эканини маълум қилди. Бу ҳақда AKIpress ахборот агентлиги Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара қўриқлаш хизмати (ЧҚХ) матбуот бўлимига асосланиб, хабар берди.
Чегара қўриқлаш хизмати матбуот хизматининг хабар беришича, 1 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 21:00 атрофида Қирғизистоннинг Боткен вилоятининг Дахма туманида, шартли чегара чизиғи яқинида номаълум шахслар Тожикистон томондан 7-8 ўқ узган. Тахминларга кўра, ўқ ов милтиғидан отилган.
Қайд этилишича, воқеа сабабларини ойдинлаштириш учун Қирғизистон ва Тожикистон чегара постлари раҳбарлари зудлик билан воқеа жойига етиб боришган, улар отишмага алоқадор шахсларни қидириш чораларини кўришга келишиб олган.
Воқеа юзасидан икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари ва маҳаллий ҳокимият органларига хабар берилган. Қирғизистоннинг Боткен йўналиши бўйича чегара вакили Қиёлбек Тўлонбоев Тожикистоннинг Сўғд йўналиши бўйича чегара вакили билан телефон орқали мулоқот қилиб, давлат чегарасида ташвиқотларнинг олдини олиш чораларини муҳокама қилган.
“Соат 22:30 ҳолатига кўра, давлат чегарасининг ушбу участкасида вазият барқарор”, деган нашр ЧҚХ хабарига таяниб.
Маълумот учун, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги қарийб 980 км бўлиб, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин унинг ўнлаб баҳсли участкалари сақланиб қолган.
LiveБарчаси