Жинсий зўравонлик ва қатл: БМТ Украинадаги уруш ҳақида ҳисобот эълон қилди
Олам
−
28 Сентябрь 2022
22785Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мониторинг миссияси аллақачон Россиянинг Украинага қарши урушида 15 мингга яқин тинч аҳоли қурбон бўлганини ҳужжатлаштирган. Бу ҳақда БМТнинг Украинадаги инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси раҳбари Матильда Богнер матбуот учун брифинг чоғида маълум қилди.
Богнер БМТнинг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссиясининг 2022 йил 1 февралдан 31 июлгача бўлган даврни ўз ичига олган 34-даврий ҳужжатида Украинадаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият бўйича ҳисобот тақдим этилганини таъкидлади. Ҳисоботда жойларга амалга оширилган 78 марта, қамоқда сақлаш жойларига 20 марта ташрифдан, ҳуқуқбузарлик қурбонлари ва гувоҳлари билан 1000 дан ортиқ суҳбатлар ва бошқа ахборот манбаларидан олинган маълумотлар мавжуд.
Богнернинг сўзларига кўра, 24 февралдан бери, шу ҳафта ҳолатига кўра, 5996 киши ҳалок бўлган, 8848 киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар орасида 382 нафар бола бор. Унинг таъкидлашича, бу тасдиқланган ҳолатлар, аммо ҳақиқий рақамлар анча юқори.
Ҳисобот даврида 407 та мажбурий бедарак йўқотиш ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ҳолатлари қайд этилган бўлиб, шундан 18 нафари кейинчалик ўлик ҳолда топилган.
Шунингдек, унинг айтишича, ҳисобот даврида 9 та зўрлаш – 8 та аёл ва бир бола, 15 та эркакларга нисбатан жинсий зўравонлик ва жамоат жойларида ечинтириш бўйича 11 та ҳолат қайд этилган.
“30 та ҳолат Россия кучлари томонидан, иккитаси Украина хавфсизлик кучлари томонидан, 11 та ҳолат тинч фуқаролар ёки Украина ҳудудий мудофааси ходимлари томонидан содир этилган”, дейди Богнер.
У, шунингдек, Россия Қуролли Кучларига қарши суд жараёнларида ҳужжатлаштирилган адолатли судлов ҳуқуқининг бузилишидан хавотирда эканини билдирди. 19 та ҳолатда айбланувчининг адвокатлар билан мулоқот қилиш имконияти бўлмаган, 11 та ҳолатда эса суд жараёни тезлаштирилган тартибда ўтказилган.
“Биз Украина ҳукумати Украина хавфсизлик кучлари томонидан ҳарбий асирларга нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлиш ҳолатлари, шунингдек, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ҳолатлари бўйича тергов бошлаганини ҳисобга олдик. Айбдорлар жавобгарликка тортилишини кутамиз”, дейди у.
БМТ мониторинг миссияси ҳам Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашганидан хавотирда. Унинг сўзларига кўра, Россия қонунчилигининг қўлланилиши фикр эркинлиги ҳуқуқини асоссиз равишда чеклаб қўйди ва жамоатчиликни қизиқтирган масалалар бўйича фикр билдириш майдонини сезиларли даражада торайтирди.
Бундан ташқари, Богнернинг айтишича, украиналик ҳарбий асирлар Россия кучлари ва улар билан алоқадор қуролли гуруҳлар томонидан судсиз қатл қилинмоқда, жинсий зўравонлик ва бошқа тазйиқларга дучор бўлмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь