Жабрланувчига айланган Мухтор Алий, судда ютқазган Назарбоев, сериал ортидан учганлар... 20 январда нималар бўлди?
Таҳлил
−
20 Январь 2022
11827Жамият
Ўқитувчилар нега рақсга тушиб, бадантарбия қилганди? ХТВ изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятидаги мактаблардан бирида машҳур қўшиқчи Шакиранинг қўшиғи остида рақсга тушиб, бадантарбия қилаётган ходимларнинг видеоси тарқалди ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Видеода кўришимиз мумкинки, 20 дан ортиқ аёл ва эркак ўқитувчилар Шакиранинг “Waka-Waka” қўшиғи остида рақсга тушиб, эрталабки бадантарбияни амалга оширмоқда.
Ҳалқ таълими вазирининг матбуот котиби Лайло Рустамова ушбу ҳолатга муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, ушбу ритмик бадантарбия инсон саломатлиги ва кайфияти учун амалга оширилган.
ЛГБТ ҳимоячиси Миразиз Бозоров устидан суд бошланди
Хабарингиз бор, 2021 йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда ЛГБТ ҳимоячиси ва тарғиботчиси Миразиз Бозоровга нисбатан жиноий иш қўзғатилган эди. Бугун, 20 январь куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида мазкур иш бўйича суд жараёни бўлиб ўтади. Айни вақтда QALAMPIR.UZ мухбири суд жараёнида иштирок этиш учун Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судига етиб борди.
Бесоқолбозлик тарғиботчиси Бозоровнинг судида Аброр Мухтор Алий ҳам қатнашмоқда
Бугун, 20 январь куни Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида Миразиз Бозоровга нисбатан қўзғатилган жиноий иш кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Судда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг "Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш" бўлими мудири ўринбосари Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) ва блогер Шуҳрат Мусаев жабрланувчи сифатида иштирок этмоқда. Бу ҳақда воқеа жойидан QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова хабар берди.
Шуҳрат Мусаевнинг QALAMPIR.UZ’га билдиришича, Миразиз Бозоров ўз чиқишларида ўзбек халқини ва аёлларни ҳақорат қилган.
Аброр Мухтор Алий Бозоров ишида нега жабрланувчи сифатида иштирок этаётганига изоҳ берди
Бугун, 20 январь куни Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида Миразиз Бозоровга нисбатан қўзғатилган жиноий иш кўриб чиқилаётгани, унда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг "Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш" бўлими мудири ўринбосари Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий жабрланувчи сифатида иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик. Хўш, Аброр Мухтор Алий нега жабрланувчилар сафида? Миразиз Бозоров унга қандай зарар етказган? QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова ушбу савол билан Аброр Мухтор Алийнинг ўзига юзланди.
“Суд мажлиси яхши ўтди. Ҳозир 4 нафар жабрланувчидан изоҳ талаб қилишди. Жабрланувчилар нима учун жабрли экани сўралди. Мен ҳам жабрланувчилар қаторидаман. Чунки менга нисбатан террорист деб туҳмат қилган. Ўзбекистондаги деярли барча аёлларни фоҳишаликда, эрига хиёнат қилишда айблаган. Бу бизга ва аёлларимизга, халқимизга нисбатан туҳмат. Шунинг учун мен ўзимни жабрлануви деб ҳисобладим ва унинг устидан шикоят аризасини киритганман”.
Ўзбекистонда 200 000 сўмлик банкнота чиқариш режалаштирилмоқда
Ўзбекистонда 200 000 сўмлик банкнотилар ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов матбуот анжуманида маълум қилди.
“Пул-кредит муомаласини ташкил қилишда маълум бир қонуниятлар бор. Бу қонуниятларга кўра, мамлакатда шаклланган ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб, банкларнинг банкноти структураси белгиланади. Келгусида 200 000 сўмлик банкнотани чиқаришни ҳам режалаштирганмиз. Шу билан биргаликда муомаладаги нақд пулни оптималлаштириш жараёнини амалга оширмоқдамиз”, деди Марказий банк раиси.
Заковатчиларнинг ошиғи олчи. Президент янги қарор имзолади
Бугун, 20 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.
2021 йил октябрь ойида давлат раҳбари Бухоро вилояти Ромитан туманида “Заковат” интеллектуал ўйинининг финал босқичига ташриф буюриб, баҳсни кузатган, тадбир сўнгида нутқ сўзлаб, билимдон ёшларга шароит яратиш учун кўплаб ташаббусларни билдирган эди.
Таълим муассасаларида ўқишлар яна онлайн бўладими? Вазирликлар жавоб берди
Ижтимоий тармоқларда олий таълим муассасалари ва мактабларда жорий йилнинг 24 январидан кейин онлайн таълим жорий этилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга аниқлик киритиш учун QALAMPIR.UZ Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари Матбуот хизмати вакиллари билан боғланди.
Уларнинг таъкидлашича, тарқалган хабарлар мутлақо асоссиз. Олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида узайтирилган қишки таътилдан сўнг, ўқиш онлайн таълимга ўтказилмайди. Чунки Махсус комиссиянинг қарорида жорий йилнинг 24 январидан бошлаб, таълим муассасаларида ўқишлар онлайн бўлиши ҳақида ҳеч нима дейилмаган.
Ижодкорни синдиришларига қаршиман – “Sevimli”нинг продюсери Президентнинг қизи эътироз билдирган сериал ҳақида
Сўнгги кунларда Ўзбекистонда “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган “Сабрия” сериалининг беҳаё лавҳаси муҳокама марказида бўлиб турибди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар эфирга узатилгани ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилди
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ҳам “Севимли” телеканали орқали эфирга узатилаётган “Сабрия” сериалини танқид қилди. У, хусусан, ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганманини билдирди.
“Сабрия” сериали ортидан “Sevimli” телеканали директори ва бош муҳаррири ишдан олинди
“Sevimli” телеканалида эфирга узатилган “Сабрия” сериалига нисбатан танқидлар ортидан Бош директор вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда телеканалнинг Instagram’даги саҳифасида хабар берилди.
Қайд этилишича, телеканалда “Сабрия” сериали бўйича жиддий чоралар кўрилди
Бугун, 20 январь куни “Sevimli” телеканали таъсисчиларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишга Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов таклиф қилинган.
Йиғилишда ташкилий масалалар кўриб чиқилган. Канал Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Фирдавс Абдухолиқов сайланган.
Олам
Қозоғистондаги тўполонлар вақтида Хитой нега жим турди?
Хитой ҳукумати нотинчлик даврда Қозоғистонга ҳарбий ёрдам юборишга тайёр эди, аммо бунинг учун қонуний асос йўқ эди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди кеча, 19 январь куни Брюсселнинг "Euractiv" интернет порталида чоп этилган бир гуруҳ Европа оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида маълум қилди.
“Дастлабки кунларданоқ Хитой ҳукумати биз билан Президентлар даражасида алоқада бўлди, мен эса Ташқи ишлар вазири Ван И билан алоқада бўлдим. Улар барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр эди. Кўпгина ҳамкорларимиз ҳар қандай ёрдам, ёрдам беришга тайёр эди, жумладан, ҳарбий ёрдам. Лекин бизда КХШТдан бошқа давлат ёки ташкилотлардан хорижий қўшинларни қабул қилиш учун қонуний асосимиз йўқ эди”, деган у Қозоғистон Хитойдан ҳарбий ёрдам сўраганми деган саволга жавоб бераркан.
У Ғарбни, АҚШни, НАТОни синамоқчи – Байден Путиннинг режалари ҳақида
Россия Президенти Владимир Путин Украина атрофидаги вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини ҳали ҳал қилмаган. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден таъкидлади.
“Мен у Россия учун яқин, қисқа муддатли ва узоқ муддатли оқибатларни кўриб чиқаётганига ишонаман. У қарор қабул қилиб бўлган, деб ўйламайман. Ишончим комилки, бу қарор бутунлай Путиннинг қарори. Бу қарорни бошқа ҳеч ким қабул қилмайди. Бу қарорга бошқа ҳеч ким таъсир қила олмайди. У бу қарорни қабул қилади”, деган Байден.
Эрдўған Россия билан баҳслашаётган Украинага боради
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Украинага ташрифи жорий йилнинг 3 февралига режалаштирилган. Бу ҳақда CNN Türk телеканали хабар берган.
Бу кун Анқара ва Киев ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади.
Назарбоевнинг кенжаси “пайдо бўлди”
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоеванинг Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифаси кўрина бошлади.
Жорий йилнинг 14 январь куни оммавий ахборот воситалари Instagram саҳифаси орқали Алия Назарбоева Бирлашган Араб Амирликларида эканини билиб қолгач, у Instagram ва Facebook платформаларидаги саҳифаларини ўчириб ташлаганди.
Бу Алия Назарбоева Қозоғистондаги норозилик намойишлари ва тартибсизликлар ҳақида оиладан биринчи бўлиб изоҳ бергани ва оммавий ахборот воситалари унинг ватанини тарк этгани ҳамда БААда эканлигига эътибор қаратганидан кўп ўтмай содир бўлган.
Сўнгги нафасгача: Назарбоев қатор ҳуқуқларни ўзида сақлаб қолди
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев Республика Конституциявий кенгаши аъзоси бўлиш, шунингдек, ҳукумат ва парламентда сўзлаш ҳуқуқини сақлаб қолади. Бу ҳақда бир қатор конституциявий қонунларга киритилган ўзгартиришлардан келиб чиқиб эълон қилинган.
Қозоғистон парламенти Мажилиси (қуйи палатаси) депутати Канат Нуровга кўра, палата Назарбоевнинг Қозоғистон Халқ Ассамблеяси ва мамлакат Хавфсизлик Кенгашига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунчиликка ўзгартиришларни маъқуллаган.
“Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти — Элбоши Қозоғистон Республикаси парламенти ва унинг палаталари олдида, Республика ҳукумати мажлисларида муҳим масалаларни муҳокама қилишда умрбод сўзга чиқиш, Қозоғистон Республикаси Конституциявий Кенгаши аъзоси бўлиш ҳуқуқига эга”, дейилади ҳужжат матнида.
Нурсултон Назарбоев судда ютқазди
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг “Ар-Бедел” жамоат фонди марафончи Марат Жиланбоевнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш бўйича ишида мағлуб бўлди. Бу ҳақда ORDA.KZ хабар бермоқда.
Таъкидланишича, “Ар-Бедел” жамоат фонди фуқаролик судига таниқли марафончи Марат Жиланбоевни ижтимоий тармоқлардаги постлари учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги даъво аризаси киритган. Даъвогарнинг сўзларига кўра, спортчининг постлари Нурсултон Назарбоевнинг шаъни ва қадр-қимматини обрўсизлантирган.
“Иш “Ар-Бедел” жамоат фондининг келажакда зарар етказиш хавфи — Фуқаролик кодексининг 918-моддаси бўйича даъвосига асосланди. Фонд пойтахт судига Марат Жиланбоевни Facebook’даги постларни ўчириш мажбуриятини юклаш тўғрисида даъво аризаси киритди”, деган марафончининг адвокатларидан бири Бауиржан Азанов.
Спорт
МЮ мураббийи Роналдуга нималар деди?
“Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Ральф Рангник Англия Премьер лигасининг 17-туридан ўрин олган “Брентфорд”га (3:1) қарши қолдирилган ўйинда алмаштирилганидан норози бўлган португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду билан суҳбати ҳақида гапирди.
“Роналдуни алмаштирганимдан сўнг, у нега ўйиндан олинганини сўради. Мен бу қарорни жамоа манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилганимни тушунтирдим. Мен Гарри Магуайр ҳисобига беш кишилик ҳимояга ўтишга қарор қилдим ва Маркус Рэшфордни тезкор ўнг қанот ҳимоячиси сифатида синаб кўришимни айтдим. Менимча, қарор тўғри бўлиб чиқди. Криштианунинг кайфияти тушиб кетгани аниқ. У – тўпурар, майдонда қолиб, гол уришни истайди. Лекин биз учун ихчам ўйин кўрсатиш, майдонда янги кучлар ва белгиланган зарбалардан ҳимояланиш учун муҳимроқ эди”, дейди Рангник.
Контенинг “тақачиси” 80 сонияда жамоасига ғалаба келтирди
Бугун, 20 январь куни Англия Премьер лигасининг 17-тур қолдирилган учрашуви бўлиб ўтди ва унда “Тоттенхэм” “Лестер Сити”ни мағлуб этди – 3:2.
Ўйиннинг 24-дақиқасида “тулкилар” ҳужумчиси Патсон Дака ҳисобни очди. 38-дақиқада эса “шпорлар” етакчиси Харри Кейн Гарри Уинкснинг узатмасидан сўнг ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимнинг 76-дақиқасида “Лестер” ярим ҳимоячиси Жеймс Меддисон яна жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган 95-дақиқада заҳирадан ўйинга қўшилган “Тоттенхэм” ҳужумчиси Стивен Бергвейн гол урди – 2:2. Барча беллашувнинг дуранг натижа билан якунланишини кутаётган бир вақтда Бергвейн дубл қайд этиб, 80 сония ичида жамоасига ғалаба келтирди. Шу тариқа Антонио Конте шогирдлари чемпионлик учун курашиш имкониятини сақлаб қолишди.
Роналду захирага олингани учун Рангникдан норози бўлди
“Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Криштиану Роналду Англия Перемьер лигаси 17-туридан ўрин олган “Брентфорд”га қарши учрашувнинг 70-дақиқасидаёқ захирага олинганини “ҳазм қила олмади”. 3:1 ҳисобида ғалаба қозонилган баҳсда футболчи ўз ўрнини ҳимоячи Гарри Магуайрга бўшатиб берди.
Гап шундаки, жамоа бош мураббийи Ральф Рангник уни алмаштиришга қарор қилганидан сўнг, 36 ёшли португалиялик футболчи норозилик билан трибунага чиқди ва захира ўриндиғига эмас, балки яқин атрофдаги зинапояга ўтирди. Криштиануга спорт кийими берилганида эса уни оёғи остига ташлади.
LiveБарчаси