Жаҳаннам дунёга таҳдид солмоқда – БМТ расмийси

Олам

image

Украинада давом этаётган уруш ва дон экспортининг блокадаси туфайли жаҳаннам дунёга таҳдид солмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури директори Дэвид Бисли Эфиопия пойтахти Аддис-Абебадаги чиқиши чоғида маълум қилди, дея хабар берди “The Guardian”.

“Дунё Украина ва Россиядан буғдой экспортига қарам бўлган мамлакатларни беқарорлаштириши мумкин бўлган “қўрқинчли” тақчилликка дуч келмоқда. Украина инқирозидан олдин ҳам биз COVID-19 ва ёқилғи нархининг ошиши сабабли мисли кўрилмаган глобал озиқ-овқат инқирозига дуч келган эдик. Кейин биз бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эмас деб ўйладик, аммо бу уруш ҳалокатлироқ бўлди”, дейди Дэвид Бисли.

БМТ вакилининг таъкидлашича, Украинада ҳар йили 400 миллион кишини боқадиган озиқ-овқат ишлаб чиқарилади. Дунёда етиштириладиган кунгабоқар ёғининг 42 фоизи, маккажўхорининг 16 фоизи, буғдойнинг 9 фоизи айнан мазкур мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Сомали буғдойни Украина ва Россиядан импорт қилади, Миср эса ғалланинг 80 фоизини шу икки давлатдан олади.

Унинг сўзларига кўра, коронавирус, иқлим ва Украинадаги инқироз туфайли сўнгги беш йил ичида очликдан азият чекаётганлар сони 650 миллиондан 810 миллионга кўпайган. Дунё бўйлаб озиқ-овқат нархи ошгани сабабли ўнлаб мамлакатларда норозилик намойишлари, тартибсизликлар ва очарчилик авж олиши мумкин.

"Биз аллақачон Шри-Ланкадаги тартибсизликларни, Тунис, Покистон ва Перуда норозилик намойишларини кўрмоқдамиз ва Буркина-Фасо, Мали, Чад каби жойларда беқарорлик содир бўлмоқда. Бу фақат келажакнинг белгисидир”, дейди Бисли. 

Украина Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россиянинг Қора денгиз портларини блоклагани сабабли одатда экспорт қилинадиган 20 миллион тоннадан ортиқ дон мамлакатда тўпланиб қолганини айтди. Европа етакчилари, жумладан, Франция Президенти Эммануэль Макрон Россияни ғалла экспортига рухсат бериш учун Украинанинг асосий порти бўлмиш Одесса блокадасини юмшатишга чақирди.

Бисли эса дунёнинг энг бой одамларига бойликларини кўпроқ глобал очлик билан курашишга сарфлашини маслаҳат берди, шу билан бирга Владимир Путинни Одессани очишга чақирди.

“Бу жуда ва жуда қўрқинчли вақт. Агар биз зудлик билан жавоб бермасак, ер юзида дўзахга дуч келамиз. Бизнинг ҳозир қила оладиган энг яхши ишимиз бу Россия ва Украинадаги лаънати урушни тугатиш ва портни очишдир”, дея таъкидлади Дэвид Бисли.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ очлик Россия-Украина уруши Украинага босыин

Баҳолаганлар

136

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг