Зеленскийга тинчлик керак эмас – Медведев

Олам 10858
image
-

Украина Президенти Владимир Зеленскийга тинчлик шартномаси керак эмас. Чунки тинчлик унинг ҳукмронлиги тугашини англатади. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Telegram саҳифасида ёзиб қолдирган. 

"Зеленский ҳеч қандай тинчлик шартномасига муҳтож эмас. Унинг учун тинчлик - бу якун. Ёки москваликлар билан тил бириктиргани учун нацистлар томонидан осиш дегани. Ёки урушда ютқазган Президент сифатида лавозимидан четлатилиши”, дейди Медведев.

Унинг сўзларига кўра, ушбу фактларни Зеленскийнинг атрофида “тинчлик шартномаси бўлмайди, деб бақираётганлар” ҳам тасдиқлайди. 

Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосарининг урғулашича, Украина раҳбари Ғарбдан пул ва қурол-яроқ сўрашда ва гўёки халқи ҳақида қайғуришда давом этади. 

“Зеленский Ғарбдан пул ва қурол сўрашда давом этади. Бу айиқни қафасдан чиқармоқчи бўлган Ғарб ўйиндалигини, либерал дунёнинг умиди эканини, Европа демократиясининг сўнгги қалъасилигини исботлайди”, деб ёзган Медведев.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 36
Рейтинг: 3.3
t
×