Зеленский Жанубий Кореядан қурол сўради
Олам
−
11 Апрель 2022
11923Украина Президенти Владимир Зеленский бугун, 11 апрель куни видеоалоқа орқали Жанубий Корея парламенти депутатларига мурожаат қилди. У Жанубий Кореядан Украинага қуроллар, жумладан, зирҳли машиналар ва танкга қарши қуролларни етказиб беришни сўради.
“Сизда биз учун алмаштириб бўлмайдиган нарса бор. Сизда шундай зирҳли техникалар, ҳаво ҳужумига қарши, кемага қарши ва танкга қарши қуроллар бор”, деган Зеленский.
Унга кўра, Жанубий Корея Украинага ҳарбий техникаси билан ёрдам бериши мумкин. Зеленскийнинг нутқи Жанубий Корея телеканаллари орқали жонли эфирда намойиш этилган.
Таъкидланишича, Украина олдин ҳам Жанубий Кореядан қурол сўраган. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 8 апрель куни Украина Мудофаа вазири Алексей Резников Жанубий Корея Мудофаа вазири Со Ук билан телефон орқали суҳбатда ундан мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига ёрдам беришни сўраган.
Аввалроқ, Словакия ўзидаги С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини Украинага бергани айтилганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь