Словакия Украинага С-300 етказиб берди
Олам
−
08 Апрель 2022
11714Словакия ўзидаги С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини Украинага берди. Словак матбуотининг ёзишича, етказиб бериш икки кун давом этган.
Мудофаа вазирлиги С-300 ни дастлаб шарқий чегарага яқин жойга кўчирган, кейин эса уни Украинага ўтказган. Кейинроқ қурол Украинага ўтказилганини мамлакат Бош вазири Эдуард Хегер тасдиқлади.
“Бу масъулиятли қарор бўлиб, унга кўра Словакия Республикаси тинчлик, эркинлик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тарғиб қилувчи мамлакат сифатида Украина ва унинг бегуноҳ фуқароларига соф мудофаа тизими кўринишида ёрдам беради ва биз ишонамизки, бу иложи борича кўпроқ бегуноҳ украиналикларни Путин режимининг кейинги тажовузларидан қутқаришга тизим ёрдам беради. Қуролни совға қилиш Словакия Республикаси Украинадаги қуролли можаронинг бир қисмига айланганини англатмайди. Шунингдек, сизни ишонтириб айтаманки, Словакия Республикасининг мудофааси ҳали ҳам таъминланган ва яқин кунларда иттифоқчиларимизнинг қўшимча ракетага қарши мудофаа тизими билан мустаҳкамланади”, деган Бош вазир.
Мудофаа вазири Най бундан олдин С-300 лар Словакия Қуролли Кучларига муқобил қурол етказиб берилсагина фойдаланишдан чиқарилишини айтганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь