Зеленский ва ҳарбийлар ўртасида жиддий қарама-қаршилик бошланган – Лукашенко
Олам
−
03 Июнь 2022
26268Украина Президенти Владимир Зеленский ва украиналик ҳарбийлар ўртасида жиддий қарама-қаршилик бошланганини айтди. Бу ҳақда Беларусь фуқароси Александр Лукашенкога таяниб, БелТА ёзмоқда.
"Менда бор маълумотларга кўра, Украинада аллақачон Зеленский ва украиналик ҳарбийлар ўртасида жиддий қарама-қаршилик бошланган.
Ҳарбийлар Россия билан зиддият нима эканлигини тушунмоқда. Ҳарбийлар ҳалок бўлмоқда. Улар нимага қодир эканлиги ва қанчалик жанг қила олишларини кўриб туришибди. Шунинг учун ҳарбийлар жангни давом эттира олмайди. Россия эса урушдаги ўз тактикасини ўзгартирди”, дейди Лукашенко.
Унинг фикрича, Зеленский ва ҳарбийлар ўртасидаги қарама-қаршилик Киев ҳамда Ғарб ўртасидаги муносабатларга боғлиқ.
“Украиналик ҳарбийлар Зеленский полякларга мақом берганини кўришди. Бу нимага олиб келади? Украинани Ғарб билан муносабатлари бузилишига. Шунинг учун ҳарбийлар ва Президент ўртасидаги қарама-қаршилик бошланган”, дейди у.
Лукашенконинг сўзларига кўра, ҳарбийлар мустақил Украинага эга бўлишни хоҳлайдилар.
"Улар нафақат руслар, беларуслар, балки поляклар ҳам у ерда бўлишини хоҳламайдилар. Ва бугун ҳарбийлар Украинани парчаламоқчи бўлган ҳар бир кишининг бошини олиб ташлашга тайёр", дейди у.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси