Зеленский Украинага келаётган Гутерришни танқид қилиб чиқди
Олам
−
24 Апрель 2022
23294Украина Президенти Владимир Зеленский Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг Киевга ташрифини тасдиқлаб, вазият бўйича ўз фикрини шакллантириш учун унга Россиядан олдин Украинага келишини таклиф қилганини айтди. Бу ҳақда Зеленский матбуот анжуманида сўз очган.
Зеленский БМТ Бош котиби Антониу Гутерришни тинчликни қайтариш истагида аввал Москвага, кейин эса Киевга боришга қарор қилгани учун танқид қилган.
"Бу кетма-кетликда мантиқ йўқ. Мантиқ қўшилиши керак. Ва бу оддий: агар сиз бу урушни тугатмоқчи бўлсангиз, нима бўлаётганини аниқ билишингиз керак. Кутузовский проспектида жасадлар йўқ. Гутерриш у ерда нимани кўришни хоҳлайди? Аслида у аввало Украинага ташриф буюриб, урушни кўриши, кейин эса Россияга бориб, Путин билан гаплашиш мантиқан тўғрироқ бўларди”, дейди Президент.
Шунингдек, Зеленский Гутерриш билан бир неча бор шахсий учрашувлар ўтказганини айтиб ўтган.
"Мен унга Украина ва Россия ўртасида мувозанатни сақлашнинг иложи йўқлигини қатъий айтдим. Биз БМТ Бош котибидан 100 фоиз қўллаб-қувватлашни кутамиз. Чунки 100 фоиз ҳақиқат биз томонда ва бизда уруш кетмоқда", дейди Украина раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жорий йилнинг 26 апрель куни Москвага боради. Сўнгра, 28 апрель куни Украинага ташриф буюради.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси