Гутерриш Путин билан гаплашиб олиш учун Москвага боради 

Олам 6466
image

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жорий йилнинг 26 апрель куни Москвага боради. У ерда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Россия Президенти Владимир Путин билан учрашади ҳамда Россия томони билан Украинада зудлик билан тинчлик ўрнатиш чораларини муҳокама қилади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати ходими Эри Канэко маълум қилди.  

“БМТ Бош котиби 26 апрель куни Москвага ташриф буюради. У Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ишчи учрашув ва тушлик қилади. Бош котибни Президент Владимир Путин қабул қилади. У иккала Президентга (Россия ва Украина) йўллаган мактубларида таъкидлаганидек, Украинада зудлик билан тинчлик ўрнатиш учун нима қилиш мумкинлиги ҳақида гаплашишга умид қилмоқда”, деган Канэко. 

Унинг сўзларига кўра, Гутерриш Россия Федерацияси ва Украина раҳбарияти билан “ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, одамларга ёрдам бериш ва ҳамма хоҳловчиларга жанговар зоналарни тарк этишига имкон бериш учун қандай чоралар кўриш мумкинлигини” муҳокама қилмоқчи. 

Канэкога кўра, Гутерришнинг идораси Киевга сафарга тайёргарлик устида ҳам ишламоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 10
Рейтинг: 3.4
t
×