Зеленский Россиянинг музлатилган активларини ўзлаштириш бўйича таклиф билан чиқди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский ҳамкор мамлакатларни Украинани тиклаш учун мусодара қилинган Россия маблағлари ва активларини Украинага ўтказиш бўйича кўп томонлама шартнома имзолашга таклиф қилди.  

“Биз ҳамкорларга кўп томонлама шартнома имзолашни ва Россия ҳаракатларидан жабр кўрган ҳар бир киши барча йўқотишлар учун товон олиши мумкин бўлган механизм яратишни таклиф қиламиз”, деган Зеленский. 

Хусусан, унга кўра, “бундай келишув асосида ҳамкор давлатлар юрисдикциясида бўлган Россия маблағлари ва мол-мулки ҳибсга олиниши ёки музлатилиши, сўнгра мусодара қилиниши ва Россия тажовузидан жабр кўрганлар тегишли компенсация олишлари учун махсус тузилган жамғармага юборилиши керак”. 

“Бу, албатта, адолатли бўлади. Россия эса бизга қарата отган ҳар бир ракета, ҳар бир бомба ва ҳар бир снаряднинг ҳақиқий оғирлигини ҳис қилади”, деб таъкидлаган Зеленский. 

Президентнинг айтишича, Украина халқаро ҳамкорларни шундай фонднинг муассислари ва даъволар, яъни жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқадиган махсус халқаро комиссия аъзоси бўлишга таклиф қилади. 

“Бу вазифани бажариш осон бўлмаслиги аниқ. Лекин, аслида, Россия активлари ҳисобидан бундай компенсация зарурлиги ҳақида аллақачон муҳокама бошланган”, дея қўшимча қилган Зеленский. 

Шу билан бирга, Президент бу ҳақда дунё аллақачон гапираётганини таъкидлаган. 

“Шунинг учун биз буни қилишимиз керак. Ва биз шерикларимиз билан шундай махсус мулоқотни бошлаймиз. Мавжуд халқаро ташкилотлар ва воситалар барча қийинчиликларга дош бера олмаслигини дунё кўрди. Шунинг учун нафақат мавжуд имкониятлардан фойдаланиш, балки янгиларини ҳам таклиф қилиш керак. Бу самарали бўлади”, дея қўшимча қилган Зеленский. 

Президентга кўра, компенсация сифатида Россия пуллари зарар кўрган ҳар бир инсон, оила, бизнесга етиб бориши керак. 

"Албатта, Россия давлати ўзининг тажовузкор эканлигини тан ҳам олмайди. Лекин уни тан олиш шарт эмас. Биз ҳамкор давлатларга Россия содир этган жиноятлари учун моддий жавобгарликни ўз зиммасига олишини қонуний йўл билан тан олишни таклиф қиламиз. Ёвузлик жавоб олиши керак”, деган Зеленский.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3.6

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг