Зеленский Россиянинг Киевга зарба бериш ҳақидаги таҳдидларига жавоб қайтарди
Олам
−
15 Апрель 2022
22155Украина Президенти Владимир Зеленский яқинда Киевни ўққа тутиш эҳтимолини “эълон қилган” Россия Мудофаа вазирлиги таҳдидларига муносабат билдирди.
BBC билан суҳбатда Украина раҳбари барча таҳдидлар жиддий қабул қилинишини тан олди, чунки улар қурбонларнинг ортиши билан боғлиқ бўлади.
“Биз Россия Федерацияси таҳдидларининг ҳеч биридан қўрқмаймиз. Биз Россия Федерациясининг бизга таҳдид солаётган барча қадамларига жавоб беришимиз керак”, деган Президент.
Зеленский 2014 йилдан бери Россия Украина ҳудудларини кўп бор оккупация қилганини, Қримни эгаллаб олиб, у азалдан русларга тегишли бўлганини айтиб юрганини таъкидлаган.
“Улар бизнинг ҳудудимизга, масалан, Қримга қарши бирор нарса бўлса, ракета зарбалари билан жавоб берамиз, дейишади. Менда жуда кўп саволлар бор. 24 февраль куни Россия қўшинлари Беларусь ҳудудидан ракета ҳужумларини бошлаганида, бу нима эди? Улар нимани ҳимоя қилишди? Мен унчалик тушунмаяпман. Менимча, улар кўпинча ўз кўрсатмаларида чалкашиб қолишади”, дейди у.
Зеленский, шунингдек, Россия томонидан оккупация қилинган Донецкда уюштирилган портлашларни эслатиб, бунда Украина айбланганини қўшимча қилган.
Унинг сўзларига кўра, Россия доимий равишда ахборот провокацияларини уюштирмоқда. Хусусан, унинг аскарлари босиб олинган шаҳарлар аҳолисини йиғиб, уларга “Украина ўқлари” ҳақида гапириб бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия Мудофаа вазирлиги, агар Украина қуролли кучлари мамлакат ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини давом эттирса, рус армияси Украинадаги “қарор қабул қилиш марказлари”, жумладан Киевга зарба беришини маълум қилганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси