Зеленский Россия билан музокаралар мақсадини айтди

Олам 22418
image

Украинанинг Россия билан музокаралардан асосий мақсади Президент Владимир Путин билан учрашувга эришишдир. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.

Президент Украина ва Россия Федерацияси делегациялари вакиллари ҳар куни видеоформатда мулоқот қилаётганини қайд этган.

“Бизнинг делегациямиз олдига аниқ вазифа қўйилган - Президентлар учрашуви, одамлар кутаётган учрашувнинг амалга ошиши ҳамма нарсани қилиш. Бу мураккаб ҳикоя, машаққатли йўл эканлиги аниқ, аммо керак. Ва бизнинг мақсадимиз шуки, бу курашда, мураккаб музокараларда Украина тинчлик ва хавфсизлик учун зарур бўлган натижани олади. Бу биз нормал ва самарали кафолатларга эга бўлишимиз учун. Будапешт меморандумидаги каби эмас, бизнинг осмонимиздагидек эмас, балки украиналиклар: бу ишлаяпти, бу кафолат” дея олишлари учун, деган Зеленский.

Зеленскийнинг таъкидлашича, гапириш керак, чунки бу музокаралар туфайли бугун Украинанинг турли минтақаларидан 5550 киши, 6 кун ичида эса 130 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган.

Шу билан бирга, у Мариуполда эвакуация йўлаги ёпиқлигича қолаётганини айтган.

“Биз ҳамма нарсани қилдик ва сукунатни таъминладик. Россия қўшинлари юк ва автобуслар ҳаракатини тўхтатди, аммо биз халқимизга ёрдам бермагунимизча яна уриниб кўрамиз, чунки улар бизники”, деган Украина Президенти.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 86
Рейтинг: 3
t
×