Зеленский НАТОнинг “заиф” қарорига кескин муносабат билдирди
Олам
−
05 Март 2022
26427Аввалроқ, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг айни пайтда альянс Украинани парвозлар тақиқланган ҳудуд дея эълон қилмаслигини ва у ерга қўшин юбормаслигини таъкидлаганди.
Украина Президенти Владимир Зеленский НАТОнинг Украина осмонини ёпмаслик ҳақидаги қарорига изоҳ берди. У ўз мурожаатида тегишли баёнот билан чиққан.
“Бугун (кеча) НАТО саммити бўлиб ўтди. Заиф саммит, чалкаш саммит. Европага эркинлик учун курашни ҳамма ҳам биринчи рақамли мақсад деб ҳисобламаслигини кўрсатадиган саммит. НАТО давлатларининг барча разведка идоралари душманнинг режаларидан яхши хабардор. Улар, шунингдек, Россия ҳужумни давом эттирмоқчи эканлигини тасдиқлади. Тўққиз кундан бери биз оғир урушни кўрмоқдамиз, улар шаҳарларимизни вайрон қилмоқда, одамларимизни, болаларимизни, турар-жойларни, черковларни, мактабларни ўққа тутмоқда, нормал ҳаётни таъминлайдиган ҳамма нарсани вайрон қилмоқда ва улар буни давом эттирмоқчи. Янги зарбалар ва қурбонлар муқаррар эканини билган НАТО онгли равишда Украина осмонини ёпмасликка қарор қилди. Биз НАТО давлатларининг ўзлари Украина осмонини ёпиш Россиянинг НАТОга тўғридан-тўғри агрессиясини келтириб чиқариши ҳақидаги ривоятни яратганига ишонамиз. Бу заиф, ички ишончсиз кишиларнинг ўз-ўзини гипнозлашидир, гарчи улар бизникидан бир неча баравар кучлироқ қуролга эга бўлишса ҳам. Сиз одамлар ҳақида, инсонийлик ҳақида ўйлашингиз керак эди. Ўша йиғилишда нима ҳақида ўйладингиз? Шу кундан бошлаб ўладиган барча одамлар сиз туфайли ҳам, сизнинг кучсизлигингиз, тарқоқлигингиз туфайли ҳам ўлади”, дейди Президент.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Альянснинг қўлидан келгани Украина учун 50 тонна дизел ёқилғисини харид қилиш тизими орқали ўтказиш бўлди.
“Афтидан, Биз Будапешт меморандумини ёқиб юборишимиз учун. Яхшироқ ёқиш учун. Лекин биз учун у аллақачон рус қўшинларининг ўтларида ёниб кетган. Бу биз хоҳлаган НАТОми? Бу сиз қурган Иттифоқми? Бугун Альянс раҳбарияти парвозлар тақиқланган ҳудудни яратишдан бош тортиб, Украина шаҳар ва қишлоқларини кейинги бомбардимон қилиш учун “яшил чироқ” ёқди. Сиз осмонни ёпишингиз мумкин эди. Лекин. Сиз бизнинг умумий Европамиз, умумий эркинлигимиз, умумий келажагимиз учун тўкилган бир литр қонимизни литрлаб ёқилғи билан ҳам тўлай олмайсиз”, деган Зеленский.
Шунингдек, у Украинанинг НАТОдаги дўстларига миннатдорлик билдирган.
“Нима бўлишидан қатъи назар давлатимизга ёрдам бераётган мамлакатлар кўп. Босқиннинг биринчи кунидан бошлаб. Ишончим комилки ғалабагача. Шунинг учун ҳам биз ўзимизни ёлғиз ҳис қилмаймиз. Биз курашни давом эттирамиз. Ватанимизни ҳимоя қиламиз, еримизни озод қиламиз, қаҳрамонларимиз туфайли”, деган Зеленский.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь