Зеленский G7 дан Россияга қарши кураш учун оғир қурол сўради
Олам
−
09 Май 2022
6806Украина тинч аҳолини Россия армияси ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун ялпи ҳужум реактив тизимларига (РСЗО) муҳтож. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский G7 етакчиларига онлайн тарзда йўллаган мурожаатида айтиб ўтган.
Украина раҳбари, шунингдек, G7 га жорий йилнинг 7 май куни Луганск вилояти Белогоривка қишлоғида ҳужумлардан яшириниб, мактабда жон сақлаётган 60 га яқин тинч аҳоли Россия бомбаси портлаши натижасида ҳалок бўлганини айтган.
“Бундай қилиш нацистлар Европага олиб келган ёвузликни мерос қилиб олиш демакдир”, деган давлат раҳбари.
Бундан ташқари, Зеленский Россия Қуролли кучларининг Одесса ва Украинанинг бошқа шаҳарларига қилган ҳужумларига эътибор қаратган.
“Бизга тинч аҳолини Россия ҳужумларидан ҳимоя қила оладиган РСЗО керак”, дея таъкидлади Украина раҳбари.
Давлат раҳбари “Катта еттилик” етакчиларини Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди.
“Россиядаги барча амалдорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва энг муҳими, зулм учун ишлайдиган судьялар санкциялар рўйхатида бўлиши керак. Уруш жиноятларини содир этган барча россияликлар халқаро ҳамкорлик орқали жавобгарликка тортилиши керак”, дея таъкидлаган Украина Президенти.
Зеленский Украинани молиявий қўллаб-қувватлаш муҳимлигига ҳам тўхталиб ўтган. У авваламбор урушдан кейин Россия томонидан вайрон қилинган нарсаларни тиклаш учун 600 миллиард доллардан ортиқ маблағ керак бўлишини таъкидлаган.
Зеленский, шунингдек, глобал озиқ-овқат бозорини барқарорлаштириш бўйича ташаббусларни бирлаштириш муҳимлигини таъкидлаган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси