Зеленский фронтга борди

Олам

image

Бугун, 18 июнь куни Украина Президенти Владимир Зеленский Николаев вилоятидаги мамлакат қўшинлари жойлашган фронтга ташриф буюрди. У фронтдаги тезкор вазият билан танишди, ҳимоячилар билан суҳбатлашди ва уларга давлат мукофотларини топширди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Матбуот хизмати хабар берди.

Сафари давомида Президент полковник Вадим Сухаревскийни (“Жануб” оператив қўмондонлигининг 59-алоҳида мотоўқчилар бригадаси командири) “Олтин юлдуз” ордени билан мукофотлаган. Николаев вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Виталий Ким ва Николаев мери Александр Сенкевич III даражали “Богдан Хмельницкий” ордени билан тақдирланган. Полковник Андрей Гнатовга бригада генерали ҳарбий унвони берилган.

Қайд этилишича, вилоят ҳарбий қўмондонлиги вакиллари Зеленскийга қуруқлик ва Қора денгиздаги жанговар зонадаги вазият ҳақида маълумот берган. Украина етакчиси “Приморья” алоҳида қўшинлар гуруҳининг моддий-техник таъминоти ва уларнинг мудофаа эҳтиёжларига алоҳида эътибор қаратган.

Николаев вилоятига сафари чоғида Зеленский минтақадаги мавжуд вазият бўйича йиғилиш ўтказган. Қишлоқ хўжалигидаги вазиятга эътибор қаратган.

Шу билан бирга, бугун Николаев шаҳар кенгаши ижроия қўмитаси 1 сентябрдан Николаев мактабларида рус тилидан фойдаланиш тақиқланиши ҳақида қарор қабул қилган. 

Маълумот учун, Николаев вилояти Украинанинг жанубида Херсон ва Одесса вилоятлари орасида жойлашган. У ердан Қора денгизга чиқиш имконияти мавжуд.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг