Зеленский БМТни Россияга қарши махсус трибунал тузишга чақирди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленеский БМТни Россия ватанига ҳужум қилгани бўйича махсус трибунал ташкил этишга чақирди.

“Украинага қарши жиноят содир этилди ва биз адолатли жазо талаб қиламиз”, дейди Зеленский БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясидаги нутқида.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Украина учун компенсация жамғармаси тузиш, у учун маблағларни Россиядан олиш керак.

У халқаро ҳамжамиятни Украинага қурол етказиб беришни давом эттиришга чақирди.

Зеленский ўз нутқида беш банддан иборат “тинчлик формуласи”ни таклиф қилди, унинг амалга оширилиши Украинадаги урушни тугатишга ёрдам беради.

•    Биринчи банд – тажовузкор давлатни чегараларни бузганлик учун жазолаш, шу жумладан санкциялар ва у билан савдо алоқаларини тўхтатиш.
•    Иккинчи банд – ҳар бир давлатнинг ўз фуқароларининг ҳаётини ҳимоя қилиш ҳуқуқи.
•    Учинчи банд – хавфсизликни, жумладан, озиқ-овқат ва ядро хавфсизлигини, шунингдек, ҳудудий яхлитликни тиклаш.
•    Тўртинчи банд – хавфсизлик кафолатлари.
•    “Тинчлик формуласи”нинг бешинчи банди – ҳимоя қилиш ва ёрдам беришда қатъийликдир.

“Бизнинг формуламизда бўлмаган нарса - бу бетарафлик”, дея таъкидлади Украина Президенти бетарафликни бефарқлик деб тушунтирди.

Қайд этиш керакки, Владимир Зеленский БМТ Бош Ассамблеясида видеошаклда мурожаат йўллаш имконияти берилган ягона давлат раҳбари бўлди. У нутқини якунлагач, Бош Ассамблея иштирокчилари уни тик туриб олқишлади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг