ЙПХ ходими билан мушук-сичқон, қайтаётган “Севги изтироби”, ҳайдалган ИИБ бошлиғи ва бошқа хабарлар

Жамият

29 июль куни ҳам ниҳоясига етяпти. Қуйида бугуннинг энг муҳим воқеаларига қисқача тўхталиб ўтамиз.

Ҳикмат Абдураҳмонов лавозимини тарк этади

Тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси лавозимидан кетишини эълон қилди. Шу билан бирга, тадбиркор Жамоатчилик кенгаши таркибида қолади.

Ҳоким ўринбосарини ёқиб юборган тадбиркор Тошкентга келтирилди

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани бугунги кунда бутун Ўзбекистоннинг диққат маркази қаратилган ҳудуд бўлиб турибди. Туман ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевнинг тадбиркор Баҳриддин Исомов томонидан бензин сепиб, ёқиб юборилиши “снос”лар масаласи нақадар жиддий тус олганини исботлади. Амалдорнинг бедодлиги ортидан энди Исомов судма-суд, терговма-тергов юришига тўғри келади.

Ҳозирда Баҳриддин Исомовга нисбатан очилган иш суд-психиатрия экспертизаси босқичига етиб келган.

Ўзбекистон узоқ йиллик изоляциядан қутулди - “Forbes”

АҚШнинг дунёга машҳур “Forbes” нашри муаллиф Мелик Кайланнинг “Ўзбекистон тaрихидaги ўз ўрнини мустaҳкaмлaди” сарлавҳаси остидаги мақоласини чоп этди. 

Мақола муаллифининг фикрича, Ўзбекистон узоқ йиллар изоляция қилинганидан кейин бизнес учун очилган. Буни 16-23 июль кунлари Ўзбекистон делегациясининг AҚШга амалга оширган ташрифи давомида, Вашингтон ва Нью-Йоркдаги учрашувларда, Манхэттенда ўтказилган “Ўзбекистоннинг капитал бозори имкониятлари” мавзуидаги инвестиция форумидаги тақдимотлар исботлайди.

“Франция ўз фарзандларига хиёнат қилди”

Париждаги маросимда Франция Мудофаа вазири Флоренсия Парли “Вель д'Ив” ҳужуми, Иккинчи Жаҳон уруши пайтида яҳудийларнинг оммавий қамоққа олиниши учун жавобгарликни яна бир бор таъкидлади. Euronews хабарига кўра, 1942 йилнинг 16 -17 июль кунлари фашистлар режими буйруғига биноан ва Вишини ҳукумати розилиги билан 13 минг152 киши, шу жумладан тўрт минг бола ҳибсга олинган. Кейинчалик уларнинг кўплари ўлдирилган. 

Доллар курси янги “марра”га яқинлашди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 30 июлдан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади. Унга кўра, 1 АҚШ доллари 8666,71 сўмга тенг бўлиб, ўтган ҳафтага нисбатан 42,20 сўмга қимматлашган.

22 киши лавашдан заҳарланди

Ёқутистоннинг (Россия) Чурапчин туманида шаурма (лаваш)дан оммавий заҳарланиш юз берди. 22 киши заҳарланишдан тиббиёт муассасасига мурожаат қилган. Шундан 8 нафари болалар. Мурожаат қилганларнинг 20 нафари стационарда даволанадиган бўлган. Шифохонага келганларда овқатдан ўткир заҳарланиш аниқланган. Уларнинг бари тумандаги "Шаурма"овқатланиш шохобчасига боргани маълум бўлган.

Видео: Тошкентда ҳайдовчи ЙПХ ходими билан мушук-сичқон ўйнади

Ижтимоий тармоқларда Йўл-патруль хизмати ходимлари ва фуқаро ўртасидаги фильмлардагидек қувлашмачоқ акс этган видео тарқалди. Видеода Damas ҳайдовчиси ЙПХ ходимларидан қочаётгани тасвирланган. Ҳар икки автомобиль ҳам йўлнинг қарма-қарши томонида ҳаракатланган.

Тошкент шаҳар ИИББ шаҳар кўчасидаги қувлашмачоқ бўйича расмий маълумот берди. Видеодаги воқеа кеча, 28 июль куни соат 17:00 да Олмазор туманида юз берган. Damas ҳайдовчиси Соғбон кўчасида йўлнинг қарама-қарши қисмида ҳаракатланган. Унга тўхташ сигналини берган ЙПХ ходимининг талабини бажармаган.

Ўзбек кино санъати оғир жудоликка учради

“Танка” бадиий фильмининг режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Торенияз Қалимбетов вафот этди.

Торенияз Жумабоевич Қалимбетов 1954 йил 19 январда Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида, ишчи оиласида туғилган. 1976 йили Тошкент маданият институтини режиссер йўналиши бўйича тамомлаган.

Йигитлар қандай чўккани маълум бўлди, қайиқдагилардан бири омон қолган

Тошкентлик икки йигит – 1995 йилда туғилган Дилшод Рихсибоев ва 1996 йилда туғилган Анвар Илҳомов Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган Чорвоқ сув омборида чўкиб кетгани, жорий йилнинг 24 июль куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан қидирув ишлари бошлаб юборилгани ҳақида хабар берган эдик. Бугунга қадар қидирув ишларида натижа бўлмаган. QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан боғланиб, воқеага алоқадор маълумотларни ўрганди.

“Зўр”дан зўр чиқди! Бош вазир тақиқлаган сериал яна экранга қайтди

2018 йилнинг 14 февраль куни Ҳукумат раиси “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонининг ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу сериални танқид қилиб, хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган сериалларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратиш бўйича мутасаддиларга зарур кўрсатмалар бериб, “Зўр” телеканалида намойиш этилаётган “Севги изтироби” сериалини танқид қилган эди.

Ҳукумат раисининг танқидидан сўнг, 2018 йилнинг 17 февралига келиб сериал эфир дастуридан олиб ташланди.

“Хурмача” қилиқ чиқарган ИИБ бошлиғи

Қашқадарё вилояти Касби туманида фермерларга зўравонлик қилиб, уларни жазирамада дала бошида туришга мажбурлаган ИИБ бошлиғи Чори Кўчаров устидан текширув бошлангани ҳақида хабар берган эдик.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасидан маълум қилишларича, хизмат текшируви якунига кўра Касби тумани ИИБ бошлиғи подполковник Чори Кўчаров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ғойиб бўлгандаги ишлари ва ундан кейинги воқеалар ҳақида янги маълумотлар

Қайд этилишича, Президент Бердимуҳамедов таътил давомида ўзининг 11-китобини ёзишни тугатган. Китоб “Турманистоннинг шифобаҳш ўсимликлари” деб номланади. Кадрда эса сочи оқ босган Бердимуҳамедовнинг гиёҳлар тўла стол устида ишлаб ўтиргани, алланималарни ёзаётгани тасвирланган. Шунингдек, у китобю устида ишлаш билан бирга ўзи куйлаётган қўшиқларни тинглаб, ҳордиқ чиқарган. 

Қолаверса, Президент давлат иши ва бошқа ташвишларни четга суриб, набиралари ва ҳовлисидаги мушуклар билан ўйнаган.

Бердимуҳамедовни ўлдига чиқарганларни эса ҳибсга олиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозиргача уч киши қўлга олинган.

24 июлда "Арқадағ" кўриниш берганидан кейин эса Туркманистон оммавий ахборот воситаларида Бердимуҳамедовнинг тириклигига алоҳида урғу бериляпти. Туркманистон расмийлари кеч бўлса-да давлат раҳбарига қаратилган ташвиқотга қарши ҳаракатларни ҳам бошлади. Бу вазифа мамлакат Маданият вазирлигига юклатилди.

Шундан сўнг, туркман шоу-бизнеси вакиллари Instagram`да бир вақтда Гурбангули Бердимуҳамедовни ўлдига чиқарганларни шармадагарчилик деб, лаънатлаш кампаниясини бошлади ва #duryalan (тўхта ёлғон) хэш-теги билан видеомурожаат йўллаб, мухлисларидан бундай миш-мишларга ишонмасликни сўради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг