Туркманистонда санъаткорлар Президентни улуғлашга “мажбурланяпти”
Маданият-санъат
−
29 Июль 2019
11983Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг вафот этгани ҳақидаги хабар гарчи кейинчалик тасдиқланмаган бўлса-да, Марказий Осиё минтақасида энг кўп муҳокама қилинган воқеликлардан бири бўлди.
24 июлдан бери эса Туркманистон оммавий ахборот воситаларида Бердимуҳамедовнинг тириклигига алоҳида урғу бериляпти. Туркманистон расмийлари кеч бўлса-да давлат раҳбарига қаратилган ташвиқотга қарши ҳаракатларни ҳам бошлади. Бу вазифа мамлакат Маданият вазирлигига юклатилди.
Шундан сўнг, туркман шоу-бизнеси вакиллари Instagram`да бир вақтда Гурбангули Бердимуҳамедовни ўлдига чиқарганларни шармадагарчилик деб, лаънатлаш кампаниясини бошлади ва #duryalan (тўхта ёлғон) хэш-теги билан видеомурожаат йўллаб, мухлисларидан бундай миш-мишларга ишонмасликни сўради.
Маҳаллий қизиқчи Ягши Гошунов мурожаат йўллаб, Ватанни севишга ва тухматчиларга ишонмасликка чақирган.
“Бизнинг Ватан кичкина қўғирчоқдек ва энг яхшиси унда доим болалар кулгиси эшитилсин. Келинг, Ватанимиз учун ғурур билан яшайлик. Тухматчиларнинг юзи эса қизиган темир билан жизғанак бўлсин. Бизни ушбу дориломон замонга олиб келган Президентимиз омон бўлсин”, деган Гошунов.
Шунга ўхшаш роликни қўшиқчи Сельби Тувакгилиджова ҳам йўллади.
“Шу кунларда интернетда ёлғон хабарлар тарқалди. Умид қиламанки, сиз уларга ишонмайсиз ва уларни қўллаб-қувватламайсиз. Аллоҳ халқ ва Президентни Ватан хоинларидан ҳимоя қилади”, деган Тувакгилиджова.
Туркманистоннинг бошқа машҳур шахслари ҳам ўхшаш мурожаатлар билан чиқди.
Айни вақтда “Ориент” ҳукумат нашри Telegram`даги “фейк” хабар тарқатувчи аноним каналларни танқид қилди. Мақолада ҳар қандай тўғри-нотўғри хабарларнинг тезда тарқалиши ва одамларнинг алданишида интернетнинг ўрнини қораланган.
Маълумот учун, Туркманистонда Instagram ижтимоий тармоғи ва Telegram мессенжери блокланган.
Аҳамиятли жиҳат шундаки, бунгача расмий Ашхобод Бердимуҳамедовнинг ўлими ҳақидаги хабарларга ҳеч қандай тепки бермай, фақатгина турли мамлакатлардаги туркман элчихоналари давлат раҳбарининг тириклигини маълум қилганди.
Аслида эса, Президент Гурбангули Бердимуҳамедов кўринмай қолган вақтида таътилда бўлган. Бу расман эълон қилинди. Аввалроқ, Бердимуҳамедов таътилда нималар билан машғул бўлгани ҳақида мақола эълон қилгандик.
Туркманистондаги воқеалар собиқ Совет Иттифоқ таркибида бўлган мамлакатларда шоу-бизнес вакилларининг аҳолининг фикрини ўзгартиришда энг муҳим восита эканини яна бир бор исботлади.
Бунга юз берганига кўп бўлмаган Ўзбекистондаги икки ҳолатни мисол тариқасида келтириш мумкин. Биринчиси, Гулнора Каримованинг озодликка чиқиш масаласи сунъий равишда кун тартибига чиқарилганда шоу-бизнес вакилларининг уни соғинганини ошкора билдиргани бўлди.
Иккинчи ҳолатни эса Мажбурий ижро бюроси ходимларининг ишга зўр бериши ортидан ўзбек шоу-бизнеси вакилларининг МИБ ходимларига “пахта” қўйиб мурожаатлар йўллаганида кўрдик.
Эслатиб ўтамиз, “Арқадағ” Гурбангули Бердимуҳамедов жорий йилнинг 24 июль куни маҳаллий “Altyn Asyr” телеканали эфирида кўриниш берди.
Орадан бир кун ўтиб эса Туркманистонда Президентнинг ўлгани ҳақида хабар тарқатганларни қўлга олиш бошланди. “Туркмантелеком”нинг Лебоп вилояти бўлими ходими, сув хўжалиги ишчиси ва уй-коммунал хўжалик ишчиси ҳибсга олинди.