Бердимуҳамедов тириклигини кўрсатди, аммо сочлари...
Олам
−
25 Июль 2019
24839Бундан бир неча кун аввал, Туркманистон Республикасининг амалдаги Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. 5 июлдан буён омма қаршисида кўриниш бермаётган давлат раҳбари кеча, 24 июль куни маҳаллий “Altyn Asyr” телеканалида кўрсатилган. Эътиборли жиҳати шундаки, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг аввалги тим қора сочлари энди йўқ. Унинг сочларига яхшигина оқ тушган.
Телевидениеда Президентнинг пойтахт Ашхободда қурилаётган “Ashkhabad city” лойиҳаси билан танишаётгани кўрсатилган. Унинг ёнида Ашхобод шаҳри ҳокими Шомуҳаммад Дурдиалиевни кўриш мумкин. Дурдиалиев давлат раҳбари Ашхобод шаҳрда қурилиши режалаштирилаётган йирик ижтимоий, маъмурий ва бошқа объектлар лойиҳалари ҳақида маълумот берган.
Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов вафот этгани ҳақидаги хабарлардан кейин бир неча кун ОАВда ва омма қаршисида кўриниш бермади. 24 июль куни у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 62 ёшни қаршилагани муносабати билан табрик йўллади. Шу орқали у давлат бошида эканини тасдиқлади ва миш-мишларни бартараф этди. Орадан кўп ўтмай, телевидениеда кўриниш берди. Бироқ, бу сафар ҳамиша ёш ва навқирон кўринишни хуш кўрувчи Президентнинг сочларини оқ босган.
Эслатиб ўтамиз, давлат ва сиёсат арбоби Бердимуҳамедов жорий йилнинг 5 июлидан кейин на омма олдида, на телевидениеда кўриниш берган. 15 кундан буён унинг йўқлиги ва 15 июль куни таътилгани чиққани унинг ўлими ҳақида хабарларни келтириб чиқарганди.
ОАВда Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг вафот этгани ҳақида хабарлар Евросиё муаммолари мониторинг маркази директори Аслан Рубаевга асосланиб тарқатилган эди. Орадан кўп ўтмай, ушбу хабар тасдиғини топмади. Рубаев туркман халқидан узр сўради.
Бу орада Бердимуҳамедов ҳақида янги маълумотлар ҳам тарқатилди. Унда қайд этилишича, Туркманбоши 20-21 июль кунлари кома ҳолатида бўлган. 22 июль куни эса аҳволи яхшилана бошлаган.
Маълумот ўрнида, Гурбангули Бердимуҳамедов 1957 йилда пойтахт Ашхободда туғилган. У 2007 йил 14 февраль куни Туркманистон Президенти лавозимига сайланган. Бердимуҳамедов 2017 йилги сайловларда 97 фоиз овоз тўплаб, учинчи муддатга қайта сайланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь