Туркманбошини “ўлдирган” Рубаев узр сўради
Олам
−
22 Июль 2019
13908Кеча, 21 июль куни халқаро ва маҳаллий ОАВда Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Мазкур хабарларда ягона манба сифатида Евросиё муаммолари мониторинг маркази директори Аслан Рубаев келтирилганди.
Орадан кўп вақт ўтмай, ушбу хабар тасдиғини топмади. Туркманистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ушбу хабарларни рад этиб чиқди. Туркманистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси ҳам Бердимуҳамедовнинг вафотини тасдиқламади.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни ўлдига чиқарган Евросиё муаммолари мониторинг маркази директори Аслан Рубаев эса ушбу хабарларни кенг оммага тарқалишига сабабчи бўлгани учун туркман халқидан узр сўради.
“Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўлими ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмаганидан жуда мамнунман. Президентнинг қариндошлари ва яқинлари, шунингдек, Туркманистоннинг барча фуқароларидан узр сўрайман”, деб ёзган Рубаев ўзининг фейсбукдаги саҳифасида.
Шунингдек, у олдинроқ олинган маълумотлар ўша манбанинг ўзи томонидан инкор этилганини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Евросиё муаммолари мониторинг маркази директори Аслан Рубаев “Говорит Москва” радиостанциясига берган изоҳида Бердимуҳамедов бир неча кун олдин таътилда бўлган вақтида вафот этганини маълум қилган эди.
Давлат ва сиёсат арбоби Бердимуҳамедов жорий йилнинг 5 июлидан кейин на омма олдида, на телевидениеда кўриниш берган. 15 кундан буён унинг йўқлиги ва 15 июль куни таътилгани чиққани унинг ўлими ҳақида хабарларни келтириб чиқарган.
Гурбангули Бердимухамедов 1957 йилда пойтахт Ашхободда туғилган. У 2006 йил 2007 йил 14 февраль куни Туркманистон Президенти лавозимига сайланган. Бердимуҳамедов 2017 йилги сайловларда 97 фоиз овоз тўплаб, учинчи муддатга қайта сайланган.