“Арқадағ” “ўлдирилган кунлари”ни қандай ўтказди?
Олам
−
29 Июль 2019
17342Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалганда бир неча кун давомида миқ этмаган, раддия эълон қилмаган маҳаллий ОАВ энди Президентнинг тириклиги, ўтган вақт ичида у нималар билан шуғулланганини кўз-кўз қилиш билан овора бўлиб қолган.
Ўтган ҳафта давлат раҳбарининг тириклигини тасдиқлаб, унинг пойтахт Ашхободда қурилаётган “Ashkhabad city” лойиҳаси билан танишганини кўрсатган “Altyn Asyr” телеканали энди Туркманбоши таътилга чиққанда нималар билан машғул бўлганини намойиш этмоқда.
Телеканал тарқатган видеода қайд этилишича, Президент Бердимуҳамедов таътил давомида ўзининг 11-китобини ёзишни тугатган. Китоб “Турманистоннинг шифобаҳш ўсимликлари” деб номланади. Кадрда эса сочи оқ босган Бердимуҳамедовнинг гиёҳлар тўла стол устида ишлаб ўтиргани, алланималарни ёзаётгани тасвирланган. Шунингдек, у китобю устида ишлаш билан бирга ўзи куйлаётган қўшиқларни тинглаб, ҳордиқ чиқарган.
Қолаверса, Президент давлат иши ва бошқа ташвишларни четга суриб, набиралари ва ҳовлисидаги мушуклавр билан ўйнаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 июль куни Туркманистон Республикасининг амалдаги Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. 5 июлдан буён омма қаршисида кўриниш бермаётган давлат раҳбари 24 июль куни маҳаллий “Altyn Asyr” телеканалида кўрсатилган.
15 кундан буён унинг йўқлиги ва 15 июль куни таътилга чиққани унинг ўлими ҳақида хабарларни келтириб чиқарганди.
ОАВда Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг вафот этгани ҳақида хабарлар Евросиё муаммолари мониторинг маркази директори Аслан Рубаевга асосланиб тарқатилган эди. Орадан кўп ўтмай, ушбу хабар тасдиғини топмади. Рубаев туркман халқидан узр сўради.
Бу орада Бердимуҳамедов ҳақида янги маълумотлар ҳам тарқатилди. Унда қайд этилишича, Туркманбоши 20-21 июль кунлари кома ҳолатида бўлган. 22 июль куни эса аҳволи яхшилана бошлаган.
25 июлдан мамлакатда Президентнинг вафоти ҳақидаги миш-мишлар бўйича ишлар бошланган. Ашхобод ва ҳудудий куч тузилмалари кучайтирилган тартибда ишлай бошлаган. Маълумотларга кўра, Лебоп вилоятида мамлакатдаги вазиятни издан чиқарувчи миш-мишлар тарқатишда айбланган 3 киши қўлга олинган.