Йигитлар қандай чўккани маълум бўлди, қайиқдагилардан бири омон қолган

Жамият

image

Аввалроқ, тошкентлик икки йигит – 1995 йилда туғилган Дилшод Рихсибоев ва 1996 йилда туғилган Анвар Илҳомов Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган Чорвоқ сув омборида чўкиб кетгани, жорий йилнинг 24 июль куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан қидирув ишлари бошлаб юборилгани ҳақида хабар берган эдик. Бугунга қадар қидирув ишларида натижа бўлмаган. QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан боғланиб, воқеага алоқадор маълумотларни ўрганди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, айни вақтда терговга қадар суриштирувлар давом этмоқда. 

Аниқланишича, шу куни йигитлар оила аъзолари билан биргаликда, Бўстонлиқ тумани, Нанай МФЙ, Нанай кўчаси, 86-уйга (далаҳовлига) дам олиш мақсадида келиб, дала ҳовлининг орқа пастки томонида жойлашган Чорвоқ сув омборига чўмилиш мақсадида тушишган. Уларнинг орасида Анвар Илҳомовнинг акаси Аҳрор Илҳомов ҳам бўлган. Учовлон қайиққа ўтириб, сув омборининг нариги қирғоғига ўтишган. У ердан қайтаётганларида сувда ҳаракатланаётган катерлар сабаб кучли тўлқин юзага келган. Тўлқин Аҳрор Илҳомов, Дилшод Рихсибоев ва Анвар Илҳомов ўтирган қайиқни ағдариб юборган. Натижада Аҳрор Илҳомов сув устига чиқиб олган ва сузиб қирғоққача келган. Уни сувдан қирғоққа оила аъзолари тортиб олган. 24 яшар Дилшод Рихсибоев ва 23 яшар Анвар Илҳомов қайиқ ағдарилган маҳал сувга ғарқ бўлганча, қайтиб чиқишмаган.

QALAMPIR.UZ`га маълумки, йигитларнинг иккиси ҳам оилали. Анвар Илҳомовнинг эса бир нафар фарзанди бор. 

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати ходими Самандар Ҳикматуллаев қидирув ишлари ҳақида маълумот берди. 

“Одамлар орасида тарқалаётган тахминлар, спутникдан кўринибди деган гап-сўзлар қуруқ миш-миш, улар ҳеч қандай фактга асосланмаган. Сувнинг босими бор, одам 7-8 метрдан кейин сувнинг босимини сезишни бошлайди. 40 метрдан кейин сув одамни сиқиб қўяди ва ичкаридаги босим ортиб кетгани учун қулоқ ва бурундан қон оқишни бошлайди. 

Ғаввослар рухсат этилган чуқурликка тушишади. Уларнинг ҳар бирига алоҳида – жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб турлича рухсатнома берилган: кимдир 20, кимдир 40, кимдир 60 метргача тушади. 

Тахминлар борки, йигитлар чўккан жойида бўлмаслиги ҳам мумкин. Чунки сувнинг тагида ҳам оқим бор. Оқим оқизиб кетади. Баъзан Қирғизистонда чўкканлар Ўзбекистонга ўтиб кетади, айрим ҳолларда Қибрайда чўкканлар Сирдарёгача бориб колиши мумкин. Анҳор каналининг бошида чўккан одам Тошкентдан чиқиб кетгунга қадар қидирилади. 

Сувимиз лойқа, ғаввослар сувнинг тагида ҳар қарични пайпаслаб қидирадилар. Сувнинг усти тоза кўрингани билан, тагида лой. Бу жуда қийин жараён. Шу боис қўшимча кучлар жалб қилинмоқда”, дейди Самандар Ҳикматуллаев

Айни вақтда Рихсибоев ва Илҳомовни қидириш учун роботлардан фойдаланиляпти. 


Мақола муаллифи

Теглар

ФВВ Бош прокуратура Чорвоқ сув омбори Дилшод Рихсибоев Анвар Илҳомов Аҳрор Илҳомов

Баҳолаганлар

1237

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made