Европанинг уч давлати Россия билан тил топишишга чақирмоқда – “Reuters”
Олам
−
26 Май 2022
18855Италия ва Венгрия Европа Иттифоқини Украинада ўт очишни тўхтатиш ва тажовузкор мамлакат билан тинчлик музокараларини ўтказиш учун аниқ қадамлар ташлашга чақирди, бошқа аъзо давлатлар эса навбатдаги саммит олдидан Москвага нисбатан қаттиқ позицияни эгаллашга қарор қилган. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 30-31 май кунлари бўлиб ўтадиган ва 19 майдаги саммитнинг якуний баёноти лойиҳасида Европа Иттифоқи позицияси “Украинага Россия агрессиясидан ўзини-ўзи ҳимоя қилиш бўйича ўзининг ажралмас ҳуқуқини амалга оширишда ёрдам бериш мажбуриятида қатъий” дея таърифланган. Унда тинчлик музокаралари ҳақида гапирилмаган.
ЕИ вакилларининг 20 май, жума куни бўлиб ўтган йиғилишида Италия элчиси, бу матнни ўзгартиришни таклиф қилган ва унда тинчлик музокараларига ишора қилиш ҳамда зудлик билан ўт очишни тўхтатишни ЕИнинг асосий мақсадларидан бири қаторига киритиш кераклигини таъкидлагани айтилмоқда.
Бу таклиф узоқ вақтдан бери ички келишмовчиликлар туфайли блокировка қилинган Европа Иттифоқининг Россияга қарши янги санкциялар пакетини танқид қилган давлатлар қаторида жойлашган Венгрия ва Кипр томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.
Венгрия режалаштирилган нефть эмбаргосига қарши, Кипр эса Россия фуқароларига кўчмас мулк сотиш бўйича таклиф қилинган тақиқдан хавотирда.
Шу билан бирга, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен Давос иқтисодий форумидаги нутқи давомида Россияга нисбатан “шафқатсиз” муносабатда бўлди ва тинчлик музокаралари ҳақида гапирмади.
“Украина бу урушда ғалаба қозониши, Путиннинг тажовузкорлиги эса стратегик муваффақиятсизлик бўлиши керак”, деди у.
Болтиқбўйи давлатлари ва Польша Россияга қарши кескин муносабатнинг ашаддий тарафдорлари қаторига киради, дейди дипломатлар, Латвия эса ҳарбий ёрдамни кучайтириш учун янада аниқроқ ҳаракатланишга чақирган.
Қайта кўриб чиқилган лойиҳа Европа Иттифоқи йиғилишидан кейин тақдим этилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Италия расмийлари Украинадаги урушни тугатиш бўйича режа ишлаб чиққани маълум бўлди. “La Repubblica” газетасининг ёзишича, режада ўт очишни тўхтатиш ва рус қўшинларини Украинадан тўлиқ олиб чиқиб кетиш, Россияга қарши санкцияларни босқичма-босқич олиб ташлаш, Украинанинг Европа Иттифоқига тез кириши ва НАТО билан аъзо бўлишдан бош тортиш, Россия ва Украина ўртасида Донбасс ва Қрим ярим оролининг “баҳсли ҳудудлари”га эгалик қилиш тўғрисида келишувга эришиш, шунингдек, Европада янги хавфсизлик шартномасини имзолаш кўзда тутилган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси