Европаликлар қачон Украинани қўллашдан воз кечиши мумкинлиги айтилди

Олам

image

Еврокомиссиянинг газ истеъмолини 15 фоизга камайтириш режаси амалга оширилса, европаликлар Украинани қўллаб-қувватлаш ғоясидан воз кечиши мумкин. Британиянинг истеъфодаги генерал-лейтенанти Саймон Мэйолл “Times” радиоси эфирида шундай фикр билдирди.

Унинг фикрича, бундай шароитда европаликлар Ғарб томонидан Москвага қарши жорий этилган санкцияларнинг самарадорлигига шубҳа қила бошлайди.

“Бу сайловчиларга, фуқароларга ва Россия ҳаракатлари ва, албатта, Ғарбнинг Москвага қарши санкциялари оқибатларини кузатаётган одамларга тўғридан-тўғри таъсир қилади. Баъзилар ғалла етказиб беришда муаммолар бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, буларнинг барчасида иштирок этишимиз ва украиналикларни қўллаб-қувватлашимиз керакми ёки йўқми, шубҳалана бошлайди”, деган Мэйолл.

Британия аскари, шунингдек, Россия ва НАТО иштирокида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув бўлиши мумкинлигини ҳам рад этган.

20 июль куни Европа комиссияси газга бўлган талабни камайтириш бўйича янги чора-тадбирларни таклиф қилди. Айрим давлатлар, жумладан Венгрия, Португалия, Испания ва Греция бу таклифга қарши чиқди. Венгрия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Петер Сиярто буни амалда амалга ошириб бўлмайдиган деб атади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг