Европа Кенгаши Россия аъзолигини тўхтатди
Олам
−
26 Февраль 2022
9790Европа Кенгаши Россиянинг ундаги вакиллик ҳуқуқини тўхтатди. Европа Кенгаши Вазирлар қўмитаси ташкилот тарихида биринчи марта шундай қарор қабул қилди.
Европа Кенгаши Вазирлар Қўмитаси (ЕКВҚ) Россиянинг Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси (ЕКПА) ва ЕКВҚдаги вакиллик ҳуқуқини тўхтатиб қўйди. Бунга расмий Москва ташкилот уставининг 3-моддасини жиддий бузганлиги сабаб бўлди. Ушбу моддада “қонун устуворлиги принципини” тан олишни” ва унинг юрисдикцияси остидаги барча шахсларга инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига риоя этилишини кафолатлашни мажбурий этиб белгилаган.
Қарор Россиянинг Украинага қуролли ҳужуми туфайли дарҳол кучга кирди, дейилади Европа Кенгаши баёнотида.
Шу билан бирга Россия Европа Кенгашининг аъзоси ва ЕКнинг тегишли конвенциялари, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси иштирокчиси бўлиб қолмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига Россиядан сайланган судья ҳам суд аъзоси бўлиб қолади ва Россияга қарши берилган шикоятлар суд томонидан кўриб чиқилиши давом этади.
Аъзоликни тўхтатиб туриш якуний чора эмас, балки алоқа каналларини очиқ қолдирадиган вақтинчалик чорадир, дея ишонтирган Европа Кенгаши.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси