Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини тасдиқлади

Олам

image

Европа Иттифоқи Россия армиясининг Украинадаги ҳарбий амалиётлари давом этаётгани сабабли Россия ва Беларусга қарши янги санкцияларни тасдиқлади. Бу ҳақда Франциянинг Европа Иттифоқига раислиги сайтида эълон қилинган хабарда айтилади. 

Тегишли қарор Европа Иттифоқига аъзо давлатлар вакилларининг йиғилишида қабул қилинган. 

“Чоралар Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилганидан кейин кучга киради”, дейилади хабарда. 

Янги санкциялар Россиянинг Украинага ҳужумида иштирок этган бир қатор россиялик амалдорлар, олигархлар ва уларнинг оилалари активларини музлатишдан иборат. Шунингдек, санкциялар рўйхатидан жой олган шахсларга нисбатан Европа Иттифоқи мамлакатларига кириш тақиқланган. 

Бундан ташқари, санкциялар Беларусга ҳам таъсир қилди. Шундай қилиб, 3 та Беларусь банки SWIFT халқаро пул ўтказмалари тизимидан чиқарилди. 

Россияга қарши янги санкциялар криптовалюта бозорига таъсир қилади. 

Қолаверса, бир қатор маҳсулотлар ва технологияларни Россияга олиб киришни тақиқлаш ҳам жорий этилган. Россия юк ташишларига ҳам санкциялар жорий қилинган. 

Айни пайтда Россия Қуролли Кучларининг Украинадаги ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолда Европа Иттифоқининг учта санкция пакети мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 март куни эрталаб Путин санкциялар остидаги фуқаролар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисидаги қонунни имзолаганди.

Аввалроқ, 7 март куни эса Россия Федерацияси Вазирлар Маҳкамаси Россияга, унинг компаниялари ва фуқароларига нисбатан нодўстона ҳаракатларни амалга оширувчи хорижий давлатлар ва ҳудудлар рўйхатини тасдиқлаган эди

Рўйхатга АҚШ ва Канада, Европа Иттифоқи давлатлари, Буюк Британия (жумладан, Жерси, Ангилья, Британия Виржиния ороллари, Гибралтар), Украина, Черногория, Швейцария, Албания, Андорра, Исландия, Лихтенштейн, Монако, Норвегия, Сан-Марино, Шимолий Македония, шунингдек, Япония, Жанубий Корея, Австралия, Микронезия, Янги Зеландия, Сингапур ва Тайвань киритилган. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг