ЕОИИ атрофидаги гаплар: барчаси аввалдан режалаштирилганмиди?
Таҳлил
−
29 Апрель 2020
11525Жамоатчилик бир қанча вақтдан бери, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига (аъзо ёки кузатувчи давлат сифатида) қўшилиши масаласини муҳокама қилаётганди. Бугун Ўзбекистоннинг иттифоққа кузатувчи мамлакат сифатида қўшилиши деярли аниқ бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги масаласи кўриб чиқилди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг Иттифоқда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилди. Ушбу қарор бўйича йиғилишда иштирок этган жами 132 нафар депутатдан 86 нафари тарафдор (ёқлаб), 32 нафари қарши, 14 нафари эса бетараф овоз берди. Биргина депутат овоз бермади.
Ўзбекистоннинг кузатувчи сифатида тақдири 2019 йилнинг
октябридаёқ ҳал бўлганмиди?
2019 йилнинг сентябрь ойида Қирғизистон Бош вазири Муҳаммадкалий Абилгазиев “Евроосиё ҳафталиги” форумида Россия томонидан пул ўтказмалари ҳажмига қўйилган чекловлар Евроосиё иқтисодий иттифоқи нормаларини бузаётганини айтганди.
“Бугунги кунда Россия Федерациясида ишлаётган меҳнат муҳожирлари ишлаб топган пулларини ватанларига ўтказишда чеклов бор. Aгар Қирғизистон фуқаролари учун чеклов 100 минг рубль бўлса, унда Қозоғистон фуқаролари учун — 150 минг, Aрманистон фуқаролари учун — 1 миллион. Ушбу чоралар касаба уюшма меъёрларига, хусусан, ЕОИИ тўғрисидаги шартноманинг 98-моддасига зиддир. Мен ҳар бир давлатнинг муҳожири топган пулларини ўз ватанларига бемалол юбориши керак, деб ўйлайман. Бу уларнинг оилалари учун ҳаёт ва фаровонлик масаласидир”, деган эди Абилгазиев.
Сал кейинроқ, окятбрь ойининг бошида Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистонга келди. У Шавкат Мирзиёев Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласини ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берганини айтганди.
“Ўзбекистон Президенти қарор қабул қилди ва ҳозир Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Менимча, бу Президентнинг оқилона қарори. Умид қиламанки, мувофиқлаштириш жараёни кечикмайди ва биз Евроосиё оиласи доирасида ҳамкорлик қила оламиз”, деганди Матвиенко.
2019 йилнинг 7 октябрь куни эса Федерация кенгашининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Фарит Мухаметшин:
“Тушунишимизча, якуний тарзда, катта эҳтимол билан, келаси йил Ўзбекистон Евроосиё иттифоқининг биринчи босқичида кузатувчи мақомига эга бўлиши борасидаги масала ҳал этилиши мумкин”, деган эди.
Ўзбекистоннинг иттифоққа қўшилиш масаласида озроқ вақт ўтиб, Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин Олий иқтисодиёт мактаби (НИУ ВШЭ) талабалари билан бўлган учрашувда, ишонч билан Ўзбекистоннинг иттифоққа “албатта қўшилиши” мазмунида гапирганди.
Ўша вақти иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ўзининг ишончли манбаларига таяниб, Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши 2020 йилнинг кузида Тошкентдаги МДҲ давлатлари саммитида эълон қилинишини тахмин қилганди. Лекин бу ҳолат Ҳошимов тахминидан ҳам тезлашиб кетди. ЕОИИга қўшилиш масаласи кенг миқёсда урчигач, Вашингтондаги Aмерика-Ўзбекистон савдо палатасининг бизнес-форумида AҚШ савдо котиби Уилбур Росс шундай деган эди:
“Бозор ислоҳотларининг энг муҳим мақсадларидан бири бу - Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига киришидир. Биз ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз ва ташқи савдо режими тўғрисидаги Жаҳон савдо ташкилоти меморандуми саволларига Ҳукуматнинг жавобини кутамиз. Шу билан бирга, биз ўзбекистонлик шерикларимизни янги келишувларнинг ЖСТга киришга таъсирини синчковлик билан кўриб чиқишга чақирамиз. Масалан, ҳозирда Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини мураккаблаштириши мумкин”, деб ўз мулоҳазаларини улашганди. Бу орада бир нечта таҳлилчилар, иқтисодчилар, фаоллар, сиёсатчилар ўз фикрларини билдиришда давом этди.
Президентнинг ЕОИИ бўйича ҳавотирларга муносабати
2020 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши ва бу орқали сиёсий, иқтисодий мустақилликни бошқа мамлакат қўлига бериб қўйиш хавфи ҳақидаги гап-сўзларга тўхталди. Ўшанда Президент 30 йил ичида эскпортга йўналтирилган бирорта маҳсулотимиз стандартга тўғри келмаслиги, ерларимиз ўтган давр мобайнида заҳарланганини айтганди.
“Шунча маҳсулотни қаерга олиб бориб сотамиз? Ким биздан олади, ким? Эртага холодильникда сақлолмаймиз. Тўғри Европага олиб борсак қимматроқ бўлади, лекин у стандартни ким беради бизга? Еримиз йиллар давомида заҳарланган.
Мустақиллигини бериб қўяди, деган гаплар ҳавойи гаплар. Ислоҳотларимизга ҳайрихоҳ бўлиб турсин, оёққа туриб олайлик. Кузатувчи дегани аъзо дегани эмас. У қараб, томошабин бўлиб туради. Биз Владимир Владимирович билан келишиб олдик. Мен ҳозирча кўп нарсани сизларга айтолмайман, жуда катта иш бошлаб қўйганмиз. Иқтисодиётимизни барқарор қилиш учун 50 млрд керак. Ким беради бу пулни? Берган одам кредит беради, холос”, деганди давлат раҳбари.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаётган мурожаатида ҳам ЕОИИга аъзо бўлиш масаласига яна бир бор тўхталганди. Давлат раҳбари Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши бўйича 1 йилдан буён музокаралар давом этаётганини қайд этиб, аъзоликка асосий сабабларни келтирганди. Демак, бундан кўринадики, аъзолик муҳокамаси 2019 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида эмас, балки аввалроқ, 2019 йилнинг январь ойларидан жиддинг оҳангларда бошланганлиги эҳтимоли катта.
“Импорт ва экспортимиз Қозоғистон ва Россиянинг транзит йўллари орқали ўтади. Қолаверса, аҳолимизнинг кўп қисми Россия ва Қозоғистонда ишламоқда. Шуларни инобатга олиб, ЕОИИга аъзолик масаласини кўриб чиқяпмиз. Депутатлар нима деса, шу бўлади. Қўлга қалам олиб ҳисоб-китоб қилинглар. Мен айтган масалаларни ҳам, албатта, инобатга олиш шарт”, деб айтганди Шавкат Мирзиёев.
ЕОИИ масаласида фаразлар ойдинлашган вақт
Жорий йилнинг 5 февраль куни Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясига расмий ташриф билан бориши кутилаётганди. Ушбу ташриф ҳақида илк бор, 2019 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев хабар берганди. Кейинроқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов ҳам РИА Новостига берган интервьюсида буни тасдиқлаганди. Бироқ ташриф амалга оширилмади.
Буни ОАВлар 3 февраль куни АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистонга ташриф буюргани сабаб қолдирилганлиги билан боғлади. Ўшанда биз ҳам Беларусь ва Россия ўртасидаги конфликтдан сўнг, Ўзбекистон томони иттифоққа аъзолик масалаларининг ҳал қилувчи босқичини кечиктиришни мақул топган, деб хабар қилгандик.
10 февраль куни “Россия сегодня” агентлигига интервью берган Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Панкин Ўзбекистоннинг Евроосиë иқтисодий иттифоқига кириш истиқболига оид саволга жавоб бериб, ҳеч ким бу иттифоққа ўз манфаатларига зид равишда киришга мажбурланмаслиги, ҳозирча расмий Тошкент ЕОИИга қўшилиш ҳақида расмий ариза бермаганини айтиб ўтганди.
14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва ЖСТ сингари ташкилотларга аъзо бўлиши масаласи устида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари бошчилигидаги катта гуруҳ ишлаётганини айтганди.
“ЕОИИ ёки ЖСТга киришда иккисини бир-бирига солиштиришнинг ҳожати йўқ. Чунки иккисига ҳам кириш бўйича ҳозирги кунда музокаралар, ўрганиш кетмоқда. ЖСТ билан катта гуруҳ ишлаяпти. Бу масала билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари шуғулланмоқда. Биз музокараларни 1994 йилда бошлаганмиз. Астойдил музокаралар эса энди бошланди. Биринчи галда Ўзбекистон манфаатларини ҳамма томонлама ҳимоя қилиб, келишганимиздан кейингина аъзо бўламиз. ЕОИИга аъзоликда ҳам худди шундай бўлади”, деганди Неъматов.
Жорий йилнинг 6 март куни эса Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги юзасидан олиб борилган таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишлари якуни бўйича тегишли хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига киритиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлди.
Унда Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликнинг Ўзбекистон миллий иқтисодиётига таъсирини комплекс ўрганиш натижасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилиши зарур бўладиган чора-тадбирлар белгиланди. ЕОИИ билан кузатувчи-давлат мақомида ҳамкорлик қилиш таклифи маъқулланди.
Маълумотларга кўра, бўлиб ўтган йиғилишда етакчи мустақил консалтинг компаниялари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг изланишлари, хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан билдирилган таклиф ва хулосалар кўриб чиқилди.
Бунда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги доирасидаги иқтисодиётнинг йирик тармоқлари, жумладан, саноат, ташқи савдо сиёсати, божхона-тарифларини тартибга солиш механизми, меҳнат миграцияси, стандартлаштириш ва ветеринария, санитария, фитосанитария назорати сингари кўплаб масалалар бўйича экспертларнинг хулосалари ўрганиб чиқилган.
Энди нима бўлади?
2020 йилнинг март ойида Қонунчилик палатаси Кенгаш йиғилишида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликка оид ташкилий масалаларни ўрганувчи Қуйи палатадаги барча сиёсий партиялар фракциялари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Унга Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов раҳбар этиб тасдиқланди.
Шундан сўнг, барча депутатлар, партиялар ҳақиқий муҳокамани бошлаб юборди. Қайсидир партия чиқиб, биз кузатувчи сифатида қўшилишига ҳам қаршимиз, деди. Яна бошқаси розилигини билдирди. Айрим депутатлар чиқиб бу масала чуқур таҳлил талаб этишини айтди. Қолган воқеалардан ўзингиз хабардорсиз. Орада Россия Федерацияси Бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов билан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграциялашувчи ҳақида фикр алмашди. Бироқ бу ҳақда ОАВда тўлиқ маълумотлар тарқатилмади. Охир оқибат барчаси ўтиб, 28 апрель куни депутатлар Ўзбекистоннинг иттифоққа кузатувчи сифатида қўшилишини маъқуллади.
Бу ҳолатни жамоатчилик яхши кутиб олмади. Оптимист сиёсатчи, иқтисодчи, таҳлилчилар ҳали умид борлигини айтиб, Сенат бунга рози бўлмаслиги мумкинлигини айтмоқда. Бироқ мен биладиган сенаторлар эса ЕОИИ масаласини чуқур таҳлил қилмаган бўлса керак. Ижро ишлари билан банд бўлган, соҳани тўлиқ тушунмайдиган сенаторлар анчани ташкил қилади. Ўзбекистоннинг иттифоққа кузатувчи сифатида киришига сенаторлар бир овоздан рози бўлишса, ҳеч ажабланмаган бўлардим. Лекин ҳаммасини вақт кўрсатади. Асосийси, кўпчилик иқтисодий иттифоқ ортида сиёсий амбициялар яширинганини билиб турибди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь