Фаразлар ойдинлашган кун. Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи-давлат мақомида қўшилди
Жамият
−
07 Март 2020
7603Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликнинг Ўзбекистон миллий иқтисодиётига таъсирини комплекс ўрганиш натижасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилиши зарур бўладиган чора-тадбирлар белгиланди ҳамда ЕОИИ билан кузатувчи-давлат мақомида ҳамкорлик қилиш таклифи маъқулланди.
Вазирлар Маҳкамасида кеча, 6 март куни Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги юзасидан олиб борилган таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишлари якуни бўйича тегишли хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига киритиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишида ушбу қарорга келинган.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини атрофлича ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш мақсадида ҳукумат, тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан иқтисодий интеграция масаласида мамлакат иқтисодиётининг йирик 16 тармоғида ўрганиш ишлари олиб борилган.
Маълумотларга кўра, бўлиб ўтган йиғилишда етакчи мустақил консалтинг компаниялари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг изланишлари, хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан билдирилган таклиф ва хулосалар кўриб чиқилди. Бунда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги доирасидаги иқтисодиётнинг йирик тармоқлари, жумладан, саноат, ташқи савдо сиёсати, божхона-тарифларини тартибга солиш механизми, меҳнат миграцияси, стандартлаштириш ва ветеринария, санитария, фитосанитария назорати сингари кўплаб масалалар бўйича экспертларнинг хулосалари ўрганиб чиқилган.
Йиғилиш якуни бўйича таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишлари асосида ишлаб чиқилган хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталарига тақдим этиш юзасидан қарор қабул қилинган.