ЕИнинг Россияга қарши бешинчи санкция пакети қандай бўлиши айтилди 

Олам

image

Европа Иттифоқининг Россияга қарши бешинчи санкция пакети самолёт лизингига, авиация ёқилғиси, пўлат маҳсулотлари ва ҳашаматли буюмлар экспорти ва импортига чекловларни ўз ичига олади. Бу ҳақда CNBC икки манбага таяниб хабар берган.  

Таъкидланишича, Россияга қарши санкциялар устида иш ҳали ҳам давом этмоқда ва чекловлар таркиби ўзгариши мумкин. 

Германия Иқтисодиёт вазири Роберт Хабекга кўра, янги чекловлар молиявий сектор ва технологик маҳсулотларга таъсир қилиши мумкин. 

Нашр, шунингдек, ЕИ асосий масала – Россиядан энергия ташувчи импортига чекловларни киритиш бўйича ҳали келишувга эришгани йўқ, деб хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, бир қатор Европа Иттифоқи давлатлари бундай етказиб беришга эмбарго қўлланилишига рози эмас, биринчи навбатда, улар Россия газидан воз кечишга тайёр эмас. 

“Россия Президенти Владимир Путинга босимни кучайтиришимиз ва Россияни изоляция қилишимиз керак – биз Россия билан барча иқтисодий алоқаларни узишимиз керак, аммо ҳозирда газ таъминотини рад этишнинг иложи йўқ”, деган Германия Молия вазири Кристиан Линднер. 

Австрия Молия вазири Магнус Брюннер телеканалга берган интервьюсида, “Биз Россия газига жуда боғлиқмиз. Нефть ва газга қарши санкцияларга қаршимиз”, деб айтган. 

“Reuters” агентлиги жорий йилнинг март ойида Европа Иттифоқининг бешинчи санкциялар пакети бўйича хабар берган. Шу билан бирга, агентлик Россия нефтини етказиб беришга эмбарго қўйиш муҳокама қилинаётганини ёзган. Бироқ апрель ойи бошида Европанинг иқтисодий масалалар бўйича комиссари Паоло Жентилони янги санкциялар энергетика соҳасига таъсир қилмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, ЕИ биринчи навбатда жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтиш имкониятини чеклаш устида ишламоқда. 

Жентилони Россияга қўйилган чекловлар Европа Иттифоқи иқтисодиётининг ҳам ўсишини секинлаштиришини тан олган, бироқ 2021 йилдаги ютуқлар 2022 йилда барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолишга ёрдам беришини тахмин қилган. 

Эслатиб ўтамиз, Россия Вазирлар Маҳкамасининг Қонунчилик фаолияти бўйича комиссияси кеча, 4 апрель куни Ҳукумат хорижий санкцияларни мамлакат ҳудудида амалга ошириш учун жиноий жавобгарлик жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаши ҳақида хулоса берганди. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг