ЕИ Украинани аъзо қилиш борасида тайинли фикрга келмади

Олам

image

ЕИ Кенгаши Еврокомиссияга Украина, Грузия ва Молдованинг Ҳамдўстликка аъзо бўлиш ҳақидаги аризалари баҳосини тақдим этишни топширди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Версалдаги норасмий саммитининг биринчи куни якунлари бўйича қабул қилинган баёнотида айтилади. 

“2022 йил 28 февралда Украинанинг ўз тақдирини танлаш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, Президент [Владимир Зеленский] Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш учун аризасини топширди. Европа Иттифоқи Кенгаши тезкорлик билан ҳаракат қилди ва комиссияга ушбу ариза бўйича ўз фикрини тақдим этишни таклиф қилди”, дейилади хабарда. 

Унда қайд этилишича, ЕИ “Европа оиласига мансуб” Украина билан алоқаларни мустаҳкамлашда давом этади. 

“Кенгаш комиссияга Молдова Республикаси ва Грузия аризалари бўйича ўз хулосаларини тақдим этишни таклиф қилди”, дейилади ҳужжатда. 

Украинага ёрдам 

Баёнотга кўра, Европа Иттифоқи Украинага сиёсий, молиявий ва гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этади. 

“ЕИ ва унга аъзо давлатлар [Украинага] мувофиқлаштирилган сиёсий, молиявий, моддий ва гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этади”, дейилади ҳужжатда. 

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи “барча қочқинлар ва уларга мезбонлик қилаётган мамлакатларга бирдамлик ва гуманитар, тиббий ва молиявий ёрдам кўрсатишда” давом этиши айтилган. 

“[Россия] Украинадаги жабрдийдалар ва ички кўчирилганларга хавфсиз ва тўсиқсиз инсонпарварлик ёрдамини таъминлаши керак”, дейилади баёнотда. 

Евроиттифоқ етакчилари, шунингдек, жанговар ҳаракатлар тугаганидан кейин “демократик Украинани тиклаш”га ёрдам беришга ваъда берган. 

“Россия ҳужуми тўхтатилиши биланоқ биз демократик Украинани тиклаш учун ёрдам кўрсатишга интиламиз”, дейилади коммюникеда. 

Украинадаги атом станциялари 

Европа Иттифоқи давлатлари Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) ёрдамида Украина атом станциялари хавфсизлигини таъминлашга чақирган. 

“Биз Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ёрдамида Украина атом электр станциялари хавфсизлигини зудлик билан таъминлашга чақирамиз”, дейилади баёнотда. 

МАГАТЭнинг маълум қилишича, Украина Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Чернобил АЭС устидан назоратни йўқотгани ҳақида агентликка хабар берган. 

“Шунингдек, Киев ва Харьков яқинидаги ядровий чиқиндилар сақланадиган омборхоналарни ўққа тутиш ҳолатлари қайд этилган. Ҳозирда радиация тарқалиш хавфи мавжуд эмас”, дейилган МАГАТЭ баёнотида.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

7

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг