Яна метро: “Ҳамид Олимжон” бекатида поезд тўхтаб қолди

Жамият 3737
image
-

Бугун, 24 май куни эрталаб соат 08:52 да метро поезди техник сабабларга кўра Ҳамид Олимжон бекатида тўхтаб қолди. Ушбу хабарни “Тошкент метрополитени” УК тасдиқламоқда.

Маълум қилинишича, воқеа машинист томонидан поезд носозлигини аниқланиш муносабати билан содир бўлган. 

Кўрсатмага биноан, йўловчилар туширилган ва поезд захирага — “Пахтакор” станциясининг берк қисмига жўнатилган.

№16 йўналиш бўйича орқадан келаётган поезд йўловчиларни олиб, жадвалга мувофиқ ҳаракатланишни давом эттирган. 

Хабар сўнгида “Тошкент метрополитени” УК келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраган.

Метро воқеалари

Қайд этиш керакки, апрель ойида Тошкент метрополитени тез-тез ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишидаги “Новза” бекатида поезд тўхтаб қолгани ҳақида хабар берилганди.

7 апрелда Ўзбекистон йўналишининг “Ғафур Ғулом” бекатида техник сабабларга кўра йўловчилар захирадаги поездга кўчирилган. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда метрода поездлар тўқнашиб кетди, дея талқин қилинганди.

8 апрель куни Сергели йўналишида метро поезди ҳаракати тўхтаб қолганди. Йўловчилар эса эвакуаци қилинган. 10 апрель куни эса энг шармандали ва хавфли ҳолат юз берди. Поезд Чилонзор йўналишидаги “Пушкин” ва “Буюк ипак йўли” бекатлари оралиғида эшикларини ёпмасдан ҳаракатланди. Бу вақтда вагонда йўловчилар бўлган, албатта.

Кейинчалик Тошкент метросидаги таблода беҳаё ёзув пайдо бўлди. Жорий йилнинг 21 май куни Тошкентда ерусти метро бекати томидаги қопламалар шамолда учиб тушди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 60
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×