Яна бир давлат Россия ва Украина можаросига аралашмоқчи
Олам
−
01 Июнь 2022
22936Саудия Арабистони Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтатиш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр. Бу ҳақда Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Файсал бин Ферхон Ас-Сауд маълум қилди.
Қайд этилишича, бин Ферхон Саудия Арабистонида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва унга ҳамроҳлик қилаётган делегация билан учрашган.
Ташқи ишлар вазирлигининг Ар-Риёддаги идорасида бўлиб ўтган учрашувда икки давлат ўртасидаги муносабатлар, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилган.
Бин Ферхон Саудия Арабистони Россия ва Украина ўртасидаги инқирозни сиёсий йўл билан ҳал қилишга кўмаклашиш учун зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрлигини таъкидлаган.
Вазирнинг сўзларига кўра, Саудиянинг позицияси халқаро ҳуқуққа асосланган бўлиб, мамлакат Россия ва Украинани хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш учун сиёсий ечим топиш учун ўз имкониятларини ишга солишга тайёр.
Маълумот учун, бугун 1 июнь куни Россия Ташқи ишлар вазири Баҳрайнга ташрифидан сўнг, Саудия Арабистонига борган.
Аввалроқ, Италия расмийлари Украинадаги урушни тугатиш бўйича режа ишлаб чиққани маълум бўлди. “La Repubblica” газетасининг ёзишича, режада ўт очишни тўхтатиш ва рус қўшинларини Украинадан тўлиқ олиб чиқиб кетиш, Россияга қарши санкцияларни босқичма-босқич олиб ташлаш, Украинанинг Европа Иттифоқига тез кириши ва НАТО билан аъзо бўлишдан бош тортиш, Россия ва Украина ўртасида Донбасс ва Қрим ярим оролининг “баҳсли ҳудудлари”га эгалик қилиш тўғрисида келишувга эришиш, шунингдек, Европада янги хавфсизлик шартномасини имзолаш кўзда тутилган.
Шунингдек, Италия ва Венгрия Европа Иттифоқини Украинада ўт очишни тўхтатиш ва тажовузкор мамлакат билан тинчлик музокараларини ўтказиш учун аниқ қадамлар ташлашга чақириб, бошқа аъзо давлатлар эса навбатдаги саммит олдидан Москвага нисбатан қаттиқ позицияни эгаллашга қарор қилганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь