Wildberries дрон ҳужумларидан сўнг Қозоғистондан омборлар қидирмоқда
Олам
−
29 июл 2169 2 дақиқа
Россиянинг энг йирик маркетплейси Wildberries Украинанинг логистика марказларига ҳужумлари ортидан Қозоғистонда 100 минг квадрат метргача омбор майдонларини қидирмоқда. Бу ҳақда кўчмас мулк бозори манбаларига таяниб, “Коммерсантъ” хабар берди.
Нашрга кўра, компания Қозоғистондаги мавжуд бўш омборларнинг деярли барчасини ижарага олишга тайёр. Бунга сўнгги кунларда Россиядаги Wildberries логистика марказларига уюштирилган дрон ҳужумлари сабаб бўлгани айтилмоқда. Russ Wildberries (RWB) қувватларининг бир қисмини Қозоғистонга кўчириш орқали хавфларни камайтиришни режалаштирмоқда.
RWB бу маълумотга изоҳ берар экан, компания фаолият юритаётган барча мамлакатларда логистика инфратузилмасини режали равишда кенгайтириб бораётганини билдирган. Хусусан, Олмаотада 100 минг квадрат метрдан ортиқ майдонга эга логистика маркази қурилмоқда. Остонада эса 160 минг квадрат метрлик яна бир марказ барпо этилмоқда ва уни келаси йили фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Компанияга кўра, айни пайтда асосий эътибор товарларни турли омборлар ўртасида қайта тақсимлашга қаратилган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, RWB учун Қозоғистонда бир жойнинг ўзида 100 минг квадрат метрлик бўш омбор топиш осон эмас. Ҳозир мамлакат бўйича жами 130 минг квадрат метр бўш логистика майдони мавжуд бўлса-да, улар турли шаҳарларда жойлашган.
Шу билан бирга, компания Россияда ҳам янги омборлар қидирмоқда. Бироқ кўчмас мулк бозори вакилларига кўра, айрим омбор эгалари дрон ҳужумлари хавфи ва суғурта билан боғлиқ муаммолар сабаб Wildberries билан янги ижара шартномаларини тузишга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.
Маълумот учун, Wildberries Россиядаги энг йирик маркетплейс ҳисобланади. Унинг асосий эгалари Татьяна Ким ва Russ компанияси тузилмалари саналади. 2025 йилда RWB’нинг Россиядаги айланмаси 49 фоизга ошиб, 6,1 триллион рублни ташкил этган. Соф фойда эса 68 фоизга ўсиб, 175 миллиард рублга етган. Ҳозирда компания умумий майдони 5,6 миллион квадрат метр бўлган 209 та логистика объектига эга.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 июль куни Украина дронлари Wildberries’нинг Москва вилоятидаги Электросталь ва Тамбов вилоятидаги Котовск логистика марказларига, 22 июль куни Краснодар ва Невинномисскдаги омборларига, 23 июль куни Воронеж вилоятидаги, 24 июль куни Санкт-Петербург, Ленинград вилояти ва Симферополдаги, 29 июль куни эса Рязань вилоятидаги логистика марказига ҳужум уюштирган эди.
Украина Қуролли кучларининг Россиядаги Wildberries омборларига уюштирган ҳужумлари оқибатида Қирғизистоннинг икки фуқароси жароҳат олганди.
Шунингдек, Wildberries компанияси Украина дронлари ҳужуми оқибатида йўқотилган товарлар учун сотувчиларга компенсация тўланишини эълон қилган эди.
Live
Барчаси