Wildberries яна ёнмоқда: Украина бу сафар Санкт-Петербургдаги омборларни бомбалади (видео)
World
−
24 July 4968 3 minutes
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятидаги яна иккита Wildberries логистика марказига ҳужум уюштирилди, шунингдек, Киров шаҳрида Россия армияси учун зенит ракеталари ишлаб чиқарадиган “Авитек” заводи ҳам зарбага учради. Бу ҳақда Wildberries матбуот хизмати ҳамда маҳаллий расмийлар хабар берди.
Wildberries матбуот хизмати ва Ленинград вилояти ҳокимиятининг маълум қилишича, Санкт-Петербургнинг Шушари посёлкаси ҳамда Уткина Заводь саноат ҳудудида жойлашган компаниянинг логистика марказларига ҳужум қилинган. Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденконинг билдиришича, Санкт-Петербург яқинидаги омборда уч киши ўртача оғирликда жароҳат олган. Ҳужумдан кейин Wildberries'нинг икки логистика маркази фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Манбаларнинг қайд этишича, Шушаридаги логистика маркази Wildberries'нинг Россия шимоли-ғарбидаги энг йирик логистика хабларидан бири ҳисобланади. У 2024 йилдаги йирик ёнғинда деярли бутунлай вайрон бўлган, кейинчалик қайта тикланиб, 2025 йилда яна фойдаланишга топширилган.
Компания матбуот хизмати, шунингдек, аннексия қилинган Симферополдаги яна бир саралаш маркази хавфсизлик талабларига мувофиқ эвакуация қилинганини маълум қилган. Ҳужумлар ортидан Санкт-Петербургдаги Пулково аэропортида 50 га яқин рейс кечиккан. Аэропорт матбуот хизмати жадвални тиклаш учун кучайтирилган тартибда иш олиб борилаётганини билдирган.
Telegram манбалари тарқатган кейинги кадрларда Шушари посёлкасидаги Wildberries логистика мажмуаси кучли ёнғин ичида экани кўринган. Нашрнинг қўшимча таҳлилига кўра, Уткина Заводь саноат ҳудудида камида 3 та алоҳида бино ёнган. Улар орасида Wildberries омбори, номи очиқланмаган омборхона ҳамда “Петрович” компаниясининг тақсимлаш маркази бор.
Wildberries матбуот хизмати кейинчалик Шушари ва Уткина Заводдаги логистика марказлари иши вақтинча тўхтатилганини расман тасдиқлаган.
Шу билан бирга, OSINT таҳлилига кўра, Киров шаҳридаги “Авитек” Вятка машинасозлик корхонаси” акциядорлик жамияти ҳам ҳужумга учраган. Қайд этилишича, корхона Россия расмий манбаларига биноан икки мақсадли ҳарбий фуқаролик маҳсулотлари, жумладан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, авиация бутловчи қисмлари, учувчиларни қутқариш учун катапульта креслолари, авиация юк кўтариш тизимлари ва бошқа авиация ускуналарини ишлаб чиқаради.
Россия Машинасозлар уюшмасининг маълумотига кўра, корхона қуйиш ва темирчилик-пресс ишлаб чиқаришидан тортиб, маҳсулотларни якуний йиғиш ва синовдан ўтказишгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга. Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармасининг War & Sanctions лойиҳаси маълумотларига кўра, завод асосан “ер–ҳаво” тоифасидаги бошқариладиган зенит ракеталари, нишон-ракеталар, катапульта креслолари ва авиация юк кўтариш тизимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган ҳамда “Тор” зенит-ракета мажмуаларини ишлаб чиқариш кооперациясида иштирок этади.
Маълумот учун, “Авитек” АҚШ, Украина ва бошқа бир қатор давлатларнинг санкциялари остида ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Украина Wildberries’нинг камида тўртта омборига ҳужум қилганди. 19 июль куни Москва ва Тамбов вилоятлари логистика марказлари, 22 июль куни эса Краснодар ва Ставрополдаги омборлар зарбага учраганди.
Кеча, 23 июль куни эрталаб Воронеж вилоятидаги Wildberries омборига ҳужум қилинган, бироқ кейинроқ бу хабарлар ўз тасдиғини топмаганди. Ҳужумлар қурбонлари умумий ҳисобда тўққиз кишини ташкил этган, бир неча ўнлаб кишилар жароҳатланганди.
Live
AllBloger Aziz Hakimov 4 yilga qamaldi
11 August